17:30 / 27.09.2019
0
20872

Малаховнинг кўрсатуви сабабли Россия дипломати Қирғизистон ТИВга чақиртирилди

Андрей Малахов / Фото: Илья Питалев / РИА Новости

Андрей Малаховнинг «Прямой эфир» кўрсатуви сабабли Россия элчисининг ўринбосари Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди.  

Қайд этилишича, 24 сентябрь куни эфирга узатилган кўрсатувда Қирғизистон фуқароси Исломбек Акбаров ва «Мясная империя» ҳамда «Озерецкие колбаси» компаниялари хўжайинларидан бири Владимир Маруговнинг ўғли Александр иштирокидаги ЙТҲ муҳокама қилинган. Унда Малахов Акбаровга нисбатан «нотўғри» ибора қўллаган.

«Малахов — бизнинг қаҳрамонимиз эмас», — деб изоҳ берди Россия элчихонаси ўзининг Facebook саҳифасида.

«Телебошловчи А.Малаховнинг гаплари муносабати билан битта нарсани айтиш мумкин: одамни хафа қилиш осон, аммо бу билан яшаш қийин. Бутун халқни ҳақорат қилиш эса бундан ҳам ёмон», дейилади элчихона изоҳида.

Июль ойи бошларида Москвада мотоцикл ва такси ўртасида тўқнашув содир бўлган, мотоцикл бошқараётган Александр Маругов ҳалок бўлганди. Исломбек Акбаровга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

24 сентябрда эфирга узатилган кўрсатувда Малахов Қирғизистон фуқароси Маруговни пул эвазига қасддан ўлдирган деган тахминни илгари сурганди. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top