Жаҳон | 08:37 / 01.10.2019
8900
2 дақиқада ўқилади

Пекинда Хитой ташкил топганининг 70 йиллиги тантаналари бошланди

Фото: REUTERS

Пекиндаги Тяньаньмэнь майдонида 1 октябрь маҳаллий вақт билан соат 10:00да Хитой ташкил топганининг 70 йиллиги муносабати билан байрам тантаналари бошланди.  

Минбарга Хитой раиси Си Цзиньпин, давлат кенгаши бош вазири Ли Кэцян, мамлакат раҳбариятининг бошқа аъзолари ҳамда собиқ раис Цзян Цзэминь кўтарилди.

Тантаналар бошлангани ҳақида Ли Кэцян эълон қилган. Шундан кейин парад қуролларининг 70 марта ўқ узиши остида майдонга Хитой байроғи олиб чиқилиб, флагштокда кўтарилган ва ҳарбий оркестр давлат мадҳиясини ижро этган.

Сўнгра Хитой тарихидаги энг йирик ҳарбий парад бошланган. Унда 15 минг ҳарбий, 160 та жанговар самолёт ва вертолёт ҳамда 580 та ҳарбий техника бирлиги иштирок этган. 

1949 йилда ташкил этилган Хитойда ҳарбий парадлар 1959 йилгача ҳар йили ўтказилган, кейин ҳукумат уни ҳар 10 йилда ўтказишга қарор қилган. Бироқ мамлакатда юз берган “маданий инқилоб” вақтида (1966-1976 йиллар) парадлар ўтказилмай қўйилган. Кейинги парад Хитой ташкил топганининг 35 йиллиги муносабати билан 1984 йилдагина, ундан кейингилари эса 1999 ва 2009 йилда ўтказилган. 

Турли йилларда парадлар давомийлиги турлича бўлган. Энг узоқ давом этган парад 1949 йилда ўтказилган илк парад бўлган ва у 150 дақиқа давом этган. Жорий парад 80 дақиқага мўлжалланган.

 

Мавзуга оид