23:46 / 11.11.2019
0
9821

Alibaba’нинг «бўйдоқлар куни»даги савдоси ҳажми Amazon’нинг 3 ойлик савдосидан кўпроқни ташкил қилди

11 ноябрь – «Бўйдоқлар куни»даги (11.11) чегирмалар вақтида Хитойнинг Alibaba компанияси ўтган йилги рекордини 25 фоизга яхшилади. Бу ҳақда South China Morning Post нашри хабар берди. 

Савдолар ҳажми чегирма кунининг илк соати 12 млрд долларни ташкил қилди. Умумий ҳисобда онлайн-платформа орқали 500 млнга яқин одам харид амалга оширган.  

1 млрд долларлик маҳсулотлар акциянинг илк 68 сониясидаёқ, 10 млрд долларлик маҳсулотлар эса илк ярим соатида сотилиб кетди. Акциянинг илк 16,5 соатидаги савдо ҳажми 2018 йилдаги рекорд натижа - 30,8 млрд доллардан ошди.

Умумий ҳисобда 24 соат ичида 38,4 млрд долларлик савдо қилинди. Бу эса АҚШнинг Amazon онлайн-ретейлерининг 2019 йил 3-чоракдаги бутун савдоси ҳажмидан (35 млрд доллар) кўпроқни ташкил қилади. 

Энг харидоргир товарлардан бири Huawei’s Mate 30 Pro ва iPhone 11 Pro смартфонлари бўлди.

Alibaba “бўйдоқлар куни”даги илк савдосини 2009 йилда амалга оширган ва бир неча йил ичида энг йирик онлайн-ретейлерга айланишга улгурди. Жорий йилда компания Ҳонгконгда 15 млрд долларлик IPO ўтказишни режалаштирганди, бироқ шаҳардаги оммавий норозиликлар бу режаларни йўққа чиқарди.

“Бўйдоқлар куни” 1990-йилларда хитойлик талабалар томонидан Ғарбда 14 февралда нишонланадиган “севишганлар куни” - “Авлиё Валентин куни”га зид байрам сифатида ўйлаб топилган. Бу байрамни нишонлаш учун 11 ноябрь (11.11) бежизга танланмаган: рақамлар сеҳрига ишонувчи хитойликлар фикрича, 11.11 рақамлари япроқсиз шохларни эслатади. Хитойда эса “сўққабош” эркак ва аёллар “япроқсиз шохлар” деб аталади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top