14:44 / 20.11.2019
0
26493

Nike, Starbucks, Apple ва бошқалар. Сиз қайси машҳур бренд билан тенгдошсиз? (2-қисм)

Жаҳон даражасидаги компаниялар орасида бир неча ўн йиллик тарихга эга брендлар оз эмас. Қуйида 1961-1980 йиллар оралиғида ташкил этилган машҳур компаниялар ҳақида қисқача сўз боради.

Рўйхатга қараб, 28-49 ёш оралиғидаги инсонлар ўзлари туғилган йилда дунё миқёсида довруқ қозонган қайси брендга асос солинганини билиб олишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, биринчи мақола 1945-1960 йилларда туғилганлар учун аталган эди.

1961 йил – Luxottica

Миланда тадбиркор Леонардо Дель Веккио томонидан асос солинган кўзойнаклар ишлаб чиқарувчи дунёдаги йирик компания. Ray-Ban, Persol ва Oakly брендларига эгалик қилади, шунингдек, Chanel, Prada, Versace, Dolce & Gabbana учун кўзойнак ва гардишлар ишлаб чиқаради.

Компания 2018 йил октябрида линзалар ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги йирик компания Essilor билан бирлашди. Натижада жами бозор капитализацияси 57 млрд евро бўлган EssilorLuxottica холдингига асос солинди.

1962 йил – Walmart

Улгуржи ва чакана савдо тармоғи. Fortune 500 рўйхатида биринчи ўринни эгаллаган. Унинг даромади 2019 йилда 514 млрд долларни ташкил этди.

Компанияга Арканзас штатида Сэм Мур Уолтон асос солган. Илк дўконни у франшиза асосида 1945 йилда Ben Franklin тармоғидан сотиб олган.

1950-йилларнинг охирига келиб, Уолтон тармоқнинг тўққизта дўконига эгалик қиларди. Тадбиркор Ben Franklin`га кичик шаҳарларда улгуржи нархларга яқин бўлган йирик савдо марказларини очишни таклиф қилди, бироқ таклифи рад этилгач, 1962 йилда ўзининг Walmart Discount City корхонасига асос солди.

1963 йил – Comcast

АҚШдаги кабель телевидениеси ва интернетга кенг полосали уланиш бўйича йирик оператор, шунингдек, пулли телевидениенинг дунёдаги йирик оператори. 2019 йилда Comcast жаҳоннинг энг катта компаниялари рўйхати – «Forbes Global 2000»да 32-ўринни эгаллади.

Ральф Робертс, Дэниел Аарон ва Жулиан Бродский томонидан ташкил этилган. Улар American Cable кичик кабель оператори, кейин эса Миссисипидаги бир неча операторларни сотиб олишган.

Компания кичик шаҳарлардаги бошқа операторлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, уларни ўз таркибига бирлаштириб кенгая борди. 1977 йилда Comcast йирик шаҳарларда ўз хизматларини таклиф қила бошлади, 1983 йилда эса Европа бозорига чиқди.

1964 йил – Nike

Blue Ribbon Sports номли компанияга югуриш билан шуғулланувчи Фил Найт ва унинг тренери Билл Бауэрман асос солган. Дастлаб компания югуриш учун кийиладиган Onitsuka Tiger япон оёқ кийимларини қайта сотиш билан шуғулланган, бироқ 1971 йилда ўз номини Nike (грек ғалаба илоҳаси шарафига) деб ўзгартирди ва ўз кроссовкаларини ишлаб чиқара бошлади.

Nike – Forbes`га кўра 15,9 млрд долларга баҳоланган дунёдаги энг қиммат спорт бренди саналади.

1965 йил – Dolby Laboratories

Овозни қайта ишлаш технологиялари ишлаб чиқарувчиси. 1965 йилда муҳандис Рэй Долби Лондонда илмий лабораторияга асос солган. У кассеталарга овоз ёзиш учун Dolby шовқинни бостириш тизимини кашф этган. 1969 йилда технологияни АҚШда патентлаган.

1966 йил – MasterCard

Калифорния банклари консорциуми BankAmericard (Visa) банк картлари бозорининг бир қисмини эгаллаш мақсадида муқобил вариант – Master Charge: The Interbank Card’га асос солиш учун бирлашган. Тизим 1979 йилда MasterCard деб қайта номланган.

191 миллион мижози билан Visa`дан кейин иккинчи ўринда.

1967 йил – Southwest Airlines

Техаслик тадбиркорлар Герберт Келлехер ва Роллен Кинг томонидан ташкил этилган дунёдаги йирик лоукостер.

2008 йилдан бошлаб, Southwest Airlines – АҚШ ичида йўловчи ташиш бўйича энг йирик авиакомпания. 2019 йилда компания туристик мавсумда кунига 4000га яқин рейсларни амалга оширди.

1968 йил – Intel

Физик кашфиётчи, Мур қонуни муаллифи Гордон Мур томонидан ташкил этилган. Компания ўз фаолиятини яримўтказгичли хотира ва микрочизмаларни ишлаб чиқишдан бошлаб, кейин микропроцессорларни ишлаб чиқара бошлади.

Intel номи «интеграциялашган электоника» (INTegrated ELectronics) сўз бирикмаларидан келиб чиқққан. 2019 йилда компания Fortune 500 рўйхатида 43-ўринни эгаллади.

1969 йил – Gap

Кийим-кечаклар дўконлари тармоғи. Савдолар хажми бўйича дунёда учинчи ўринди. Компанияга оилавий жуфтлик Дональд ва Дориш Фишерлар асос солган. Улар ўғиллари Робертнинг ўқиши учун жамғарилган 63 минг долларни бизнесга тикишган эди.

Илк дўкон Сан-Францискодаги Оушен-авенюда жойлашган ва Pad деб номланганди. Дўконда Levi's жинсилари, пластинка ва аудиокассеталар сотиларди. Шунинг учун ҳам ёшлар орасида оммалашиб кетган.

1972 йилда дўконга Generation Gap (авлодлар ўртасидаги бўшлиқ) деб ном беришни режалаштиришган, якунда уни Gap деб қисқартиришган. 1974 йилда Gap ўзининг шахсий кийимлар линиясини очган.

1970 йил – Urban Outfitters

Асосий урғуни ёшлар – муқобил мода ва хипстерлар ишқибозларига қаратган кийим-кечаклар билан чакана савдо қилувчи тармоқ.

Бренд Ричард Хейн, Жуди Уикс ва Скотт Белэйр томонидан Free People номи асосида ташкил этилган.1976 йилда Urban Outfitters деб қайта номланган.

1971 йил – Starbucks

Илк қаҳвахона Сан-Франциско университети талабалари Жерри Болдуин, Гордон Боукер ва Зев Зигль томонидан очилган. Улар қаҳва доналари, чой, зираворлар ва идиш-товоқлар билан савдо қилишган.

Таъсисчилар 1987 йилда компанияни Ҳовард Шульцга сотишгани бренд тарихидаги муҳим нуқта бўлди. Ҳозирда дунёда 30 мингдан ортиқ Starbucks қаҳвахоналари ишлаб турибди.

1972 йил – Atari

Видеоўйинлар ишлаб чиқиш соҳасидаги энг биринчи компаниялардан. Ўйинлар яратиш, ўйин автоматлари ва консоллар ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Atari 1984 йил инқирозига қадар видеоўйинлар ва консоллар бўйича дунёдаги энг йирик ишлаб чиқарувчи бўлган. У 1970-йилларда ўйин саноатининг ривожланишига таъсир кўрсатган.

Компания ўйин автоматлари ва Computer Space ўйини ишқибозлари – Нолан Бушнелл ва Тэд Дебни томонидан ташкил этилган.

1973 йил – Patagonia

Фаол хордиқ ишқибозлари учун кийимлар ва товарлар бренди. Қайта ишланган материаллардан экологик кийим-кечак ишлаб чиқариш бўйича илк компания.

Patagonia асосчиси – эколог ва машҳур альпинист Ивон Шуинар.

Шуинарга бўйинни ҳимоя қилувчи баланд ёқали регби футболкалари ёқарди ва бу тамойилни шахсий кийимлар линиясини йўлга қўйиш учун мослаштиришга қарор қилган.

1974 йил – Zara

Кийим-кечаклар билан чакана савдо қилувчи йирик Inditex компаниясининг асосий савдо тармоғи. «Тезкор мода» асосчиси.

Тадбиркор Амансио Ортега тармоғининг илк дўкони Испанияда очилган. Унда мода уйларидаги кийимларнинг нусхалари арзон нархларда сотилган.

1980-йилларнинг ўрталарида Ортега «тезкор мода» моделини ишлаб чиққан. Унга асосан, дизайн ишлаб чиқилишидан то янги кийимлар линиясининг дўконларга келишигача икки ҳафта вақт етарли.

1975 йил – Microsoft

Дунёдаги энг йирик ва энг қиммат технологик компаниялардан бири. Дастурий таъминот, қурилмалар ва уларга тегишли хизматларни ишлаб чиқаради, лицензиялайди, қўллаб-қувватлайди ва сотади. Унинг энг қиммат маҳсулотлари – Windows, Office, Xbox консоллари, Surface компьютерлари ва Azure булутли сервиси.

Компанияга Билл Гейтс ва Пол Аллен томонидан Altair 8800 компьютерлари учун BASIC интерпретаторини ишлаб чиқиш вақтида асос солинган.

1976 йил – Apple

2019 йил 1 ноябрь ҳолатига дунёдаги энг қиммат технологик компания. Илк Apple II оммабоп шахсий компьютер асосчилари.

Стив Жобс, Рональд Уэйн ва Стив Возняк томонидан ташкил этилган.

1977 йил – Elliott

Инвестицияларни бошқариш соҳасидаги энг йирик Америка компанияларидан.

Поль Эллиот Сингер томонидан асос солинган корпорация жаҳондаги энг катта активист фонд ҳисобланади.

1978 год – Versace

Кийим-кечак, атир, аксессуарлар ишлаб чиқарувчи итальян компанияси. Жанни Версаче илк дўконни Миланда очган. У брендга тегишли барча нарса – кийимлар дизайнидан тортиб, чакана савдонинг нозик жиҳатларини ҳам назорат қилган.

2018 йилда Американинг кийим-кечак ва сумкалар ишлаб чиқарувчи Michael Kors компанияси Versace`ни 2,1 млрд долларга сотиб олди.

1979 год – Activision

Консоль ва компьютерлар учун ўйинларни мустақил ишлаб чиққан компания. Дунёдаги видеоўйинлар ишлаб чиқувчи йирик компаниялар бешлигидан ўрин олган. Компаниянинг илк маҳсулоти Atari 2600 учун картрижлар бўлган.

Компаниянинг машҳур ўйинлари орасида Call of Duty, Spider-Man, Wolfenstein (2009 йилгача), Doom 3, Spyro the Dragon, Tony Hawk кабилар бор.

1980 йил – Whole Foods Market

Консервантлар, бўёқлар, таъм кучайтиргичларсиз экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотларини сотувчи супермаркетлар тармоғи.

Асосчилари – Жон Макки ва Рене Лоусон. 1978 йилда улар вегетарианлар учун Safer Way табиий маҳсулотлар дўконини очишга ҳаракат қилишган, бироқ маҳсулотларни хонадонда сақлашгани учун уларни уйдан кўчириб юборишган. Тадбиркорлар вақтинча дўконда яшаш ва идиш-ювиш машинаси ёрдамида ювинишга мажбур бўлишган.

Amazon 2017 йилда Whole Foods Market`ни сотиб олди. Келишув қиймати 13,7 млрд долларни ташкил этди.

Рўйхатнинг якуний 3-қисмида 1981-2001 йиллар оралиғида асос солинган йирик брендлар ҳақида сўз юритилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top