20:10 / 22.11.2019
1
25920

ТДИУ: Талабаларнинг кийиниши бўйича эркинлик берилди, лекин ички тартиб-қоидаларига риоя қилиниши зарур

Тошкент давлат иқтисодиёт университети университетда беш кунлик таълим тизимига ўтилаётгани, университетда форма бутунлай бекор қилингани тўғрисида тарқалган хабар юзасидан муносабат билдирди. Маълум қилинишича, талабаларнинг кийиниши бўйича эркинлик берилгани рост, аммо бу исталган кийимни кийиш мумкин, дегани эмас.

«Ҳақиқатан ҳам, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 2019 йил 25 ноябрдан бошлаб беш кунлик таълим тизимига ўтиш белгиланган. Бунда талабалар ҳафтанинг 5 куни давомида назарий билимларни эгаллашса, ҳафтанинг шанба кунида мустақил таълим билан машғул бўладилар.

Шу ўринда айтиб ўтишни жоиз деб биламизки, «Халқ сўзи» ва унинг қандайдир манбасига таяниб берилган маълумот нотўғри талқин этилган. Хабардан англашиладики, энди талабалар учун шанба ва якшанба кунлари дам олиш экан (фақат якшанба дам олиш куни, шанба мустақил таълим куни). 

Шунингдек, хабарда университетдаги кийиниш тартиби ҳақида ҳам ўринсиз ёндашув мавжуд. Тўғри, талабаларнинг кийиниши бўйича эркинлик берилди. Аммо университет жамоатчилик кенгаши ва талабалар томонидан маъқулланган ички тартиб-қоидаларига риоя қилиниши зарурлиги белгилаб қўйилмоқда. Албатта, бунда талабалик одобига риоя қилган, таълим даргоҳи – маданият ўчоғи эканлигини ёддан чиқармаган ҳолда кийиниш тавсия этилмоқда. Бу ўз навбатида, «Халқ сўзи» таъбири билан айтганда, «университет талабаси исталган кийимда ўқишга келиши ва дарсларда иштирок этиши мумкин» дегани эмас.

Бундай хабарларни тарқатишдан аввал расмий шахслардан, жумладан, университет матбуот котибидан (+998974404504 телефон рақами орқали) маълумот олиш ўринли бўлар эди», дейилади ТДИУ ахборот хизмати хабарида.

Ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худойбердиев телеграмдаги каналида ушбу раддия бўйича изоҳ берди.

«Умуман олганда, бу ҳайрон қоларли янгилик эмас. Бутун дунёда ҳам шунақа, эркин форма дегани, бу талаба истаса шиппакда, истаса шортикда, истаса ич кийимда келиши мумкин дегани эмас.

Эркин форма, бу - умумий чегаралар ичида исталган формада келишни англатади. Эркин форма жорий қилинган жойда, биздагига ўхшаб «галстугинг қани?», «нега кўйлагинг ранги оқ эмас?», «нега пайпоғинг калта?» деган саволлар берилмайди, холос.

Аммо муаммо шундаки, «эркинлик» деган сўзни бизда иккала тараф ҳам бўрттириб қабул қилади. Айрим масъуллар талабага эркинлик берсак, яланғоч келмасмикин, деб хавотир олади. Айрим талабалар эса, эркинлик берилди деса, яланғоч борсам бўларкан-да, деб қабул қилади. Қарабсизки, мана шунақа хавотирлар остида барча эркинликларга тақиқ қўйилаверади. Ҳолатни бўрттирмасдан, борича қабул қилавериш керак.

Майли, ҳар не бўлса-да, Иқтисодиёт университетидаги ўзгаришлардан хурсандман», дея ёзади ҳуқуқшунос.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top