14:44 / 19.05.2020
22060

«Avto-Ideal-Xizmati» МЧЖ фуқароларнинг 30 млрд сўм пулини ўзлаштиргани маълум бўлди

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида ўз фаолиятини йўлга қўйган «Avto-Ideal-Xizmati» МЧЖ жуда қисқа давр – 5 ой ичида 1506 нафар мижознинг ишончига кириб, уларнинг 1283 нафарини жами 30 млрд сўмдан ошиқроқ маблағга чув тушуришга улгурган.

«Avto-Ideal-Xizmati» МЧЖ раҳбарлари 2019 йил октябрь ойидан 2020 йилнинг март ойига қадар йилига 5 фоизлик устама ҳақ эвазига бошланғич бадал сифатида жами 1506 нафар юридик ва жисмоний шахслар билан шартнома имзолаб, мазкур шартномаларга асосан 1506 нафар мижоздан автомашинанинг 20-30 фоиз олдиндан тўлови сифатида жами 36 316 087 684 сўм пулни жамият ҳисобига туширишган.

Жамият мансабдор шахслари юқорида келиб тушган пул маблағлари ҳисобидан 228 нафар мижозга 23 629 777 528 сўмлик автомашиналарни етказиб бериб, қолган 1283 нафар мижозга, улар томонидан автомашинанинг 20-30 фоиз миқдорида бошланғич бадал сифатида тўланган 30 531 487 684 сўм пул маблағлари эвазига автомашинани етказиб бермасдан ёки тўланган пул маблағларини ўз эгаларига қайтармасдан фуқароларнинг ҳуқуқларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Ушбу ҳолат юзасидан шу йил 17 март куни Департаментнинг Ангрен шаҳар бўлими томонидан «Avto-Ideal-Xizmati» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 192-11-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, шаҳар прокуратурасига дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун юборилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан Kun.uz’га тақдим этилган маълумотга кўра, жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилиб, 2020 йил 31 март куни  айбланувчи ишни юритишда унинг иштирок этишини истисно этадиган оғир ва давомли касалликка чалингани сабабли ЖПКнинг 364-моддаси 1-қисми 4-банди билан ҳаракатдан тўхтатилган.

Жиноят иши шу йил 11 май куни қайта тикланиб, Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «а» бандига қайта малакаланиб, дастлабки тергов ҳаракатларини давом эттириш учун Ангрен шаҳар ИИБ тергов бўлимига юборилган.

Фуқароларга етказилган зарарни қоплаш бўйича кўрилган чоралар ҳақида маълумот берилмаган.

Top