Жаҳон | 00:12 / 22.05.2020
33183
4 дақиқада ўқилади

Рамзан Қодиров Covid-19 юқтириб олишда гумонланмоқда. У вирус ваҳима қиладиган нарса эмаслигини айтганди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров коронавирус юқтириб олишда гумонланиб касалхонага ётқизилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Грознийда эса бунга муносабат билдирмаган ҳолда «Қодиров касаллик тарқалишини шахсан назорат қилаётгани»ни айтишмоқда.

Фото: CHGTRK GROZNY VIA TASS

Қодировда вирус аниқланган бўлиши мумкинлиги ҳақида дастлаб Baza телеграм канали ёзди.

Кейинроқ «Интерфакс» ўз манбаларига асосланиб Қодиров шифокорлар назоратида бўлиб турганини хабар қилди. Агентлик Қодиров айнан қаерда бўлиб турганини ёзмаган, аммо унинг саломатлиги ҳақидаги маълумотни «Москвадаги тиббиёт одамларидан бири»га асосланиб тарқатди. Бу эса Қодиров Москвага олиб кетилган бўлиши мумкинлигини англатарди.

Кейинроқ ТАСС ахборот агентлиги ҳам «тиббиёт олами вакиллари»га асосланиб Қодиров самолётда Москвага олиб кетилгани ҳақида ёзди. Бу гал унинг аҳволи барқарор экани таъкидланди.

Baza телеграм каналида Қодиров билан бирга «Грозний» телеканали раҳбари Аҳмад Дудаев ҳамда Чеченистон соғлиқни сақлаш вазири Эльхан Сулаймоновда ҳам вирус аниқланган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилди. Бироқ Аҳмад Дудаев ТАСС мухбири билан суҳбатда ишда экани ва фаолиятини давом эттираётганини айтган.

Дудаевнинг тахмин қилишича, Чеченистон соғлиқни сақлаш вазири Сулаймонов коронавирус ҳақида маълумотларни бериб борувчи ҳар кунлик онлайн ҳисобот дастурида кўринмай қолгани учун унинг вирусга чалингани ҳақида миш-миш тарқалган. Унинг сўзларига кўра, вазирнинг эфирда кўринмаётгани иш графиги тиғизлиги билан боғлиқ ва бундан буён ҳисобот дастурларида унинг ўзи қатнашади.

Чеченистон раҳбарининг норасмий ёрдамчиларидан бўлган Дудаев Қодировнинг саломатлиги ҳақида аниқ гап айтмади: «Республика раҳбари Рамзан Қодиров вазиятни шахсан назорат қилмоқда. Штаб (коронавирусга қарши штаб назарда тутилмоқда – таҳр.) фаолияти унинг назоратида ишламоқда».

Қодиров ва коронавирус

Рамзан Қодиров аввалига коронавирус масаласига совуққонлик билан муносабатда бўлди. Март ойида у одамларга мурожаат қилиб ваҳима қилиш ўрнига лимонли сув, асал билан иммунитетни мустаҳкамлашни, кўпроқ саримсоқ еб қонни тозалашни тавсия қилганди. Кейинчалик Чеченистонда кескин карантин жорий этилди.

Федерациядаги энг кескин чеклов ўрнатилган ҳудудлардан бири айнан Чеченистон бўлди. Грознийга киришга фақат Чеченистон пропискаси борларга рухсат берилди. Республиканинг барча ҳудудларга комендантлик соати кўринишида кучли назорат ўрнатилди. Кўчага чиқиш учун оиланинг фақат бир нафар аъзосига рухсат берилди.

Қодиров республика чегараларини ёпиш ҳақида топшириқ бергач, Россия бош вазири Михаил Мишустиннинг танқидига учради. Ҳукумат раҳбари ҳудудий раҳбарлар бундай қарор қабул қила олмаслигини эслатди. Қодиров бош вазирнинг танқидига жавоб берар экан, унга нотўғри маълумот беришгани, республика ҳудудидан маҳсулотлар олиб ўтиш чекланмаганини айтди.

21 май ҳолатига кўра Чеченистонда 1 026 кишида коронавирус аниқланган ва уларнинг 635 нафари тузалган. Вирус 11 кишининг умрига зомин бўлган.

Ўтган ҳафтада Қодиров республикадаги касалхоналардан биридаги шифокорларни ишдан бўшатишни буюрганди.

Гап шундаки, улар тиббиёт воситалари етишмаётганидан шикоят қилишган. Шифокорларнинг тиббий воситалари етишмаётгани ҳақидаги мажлиси видеоси интернетда тарқалган ва кейинчалик ўша шифокорлар «Грозний» телеканали эфирида кечирим сўраб чиқишганди. «Провакаторларни бўшатиш керак. Бизда ҳамма нарса етарли – ниқоб, костюм, жиҳозлар ҳаммаси», деганди Қодиров.

Маълумот учун, 44 ёшли Рамзан Қодиров 2007 йил 5 апрелдан буён Чеченистонни бошқариб келади.

Аввалроқ коронавирус Россия ҳукумати аъзоларидан бош вазир Михаил Мишустинда, маданият вазири Ольга Любимовада, қурилиш вазири Владимир Якушев ва унинг ўринбосари Дмитрий Волковда ҳамда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковда аниқланганди.

Мавзуга оид