Ўзбекистон | 16:19 / 18.06.2020
13184
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Туркия университетининг филиали ташкил этилди

Филиал битирувчиларига Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган университет дипломи берилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 июнда “Тошкент шаҳрида Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университети филиалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 389-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент шаҳрида филиали ташкил этилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарида айтилишича, Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент шаҳрида филиалида таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади.

Филиал нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланиб, илмий тадқиқот натижаларини тижоратлаштиришни кенгайтириш, таълим олувчиларнинг инновацион ғояларини амалга ошириш учун инвестицияларни жалб қилиш ва бошқалар унинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Филиал битирувчиларига Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган университет дипломи берилади.

Президентнинг 2020 йил февраль ойида Туркия Республикасига расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш ва шу асосда Тошкент шаҳрида Туркия иқтисодиёт ва технология университети филиалини ташкил этиш белгилаб берилган эди.

Мавзуга оид