17:46 / 19.01.2021
15305

ФИФА рефереси Шерзод Қосимов келишилган ўйинларда қатнашгани учун 3 йилга футболдан четлатилди

ЎФA футбол фаолиятини назорат қилиш махсус инспекцияси Ўзбекистон Суперлига ва Про Лига учрашувларида коррупцион ҳолатлар, яъни бир қатор футбол ўйинларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишувларда қатнашган футбол ҳакамларини аниқлаш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттирмоқда, дея ёзади ЎФА расмий сайти.

Фото: pfl.uz

«ЎФA Этика қўмитасининг навбатдаги йиғилишида ФИФA ва ОФК ҳаками Шерзод Қосимов бўйича аниқланган ҳолатлар кўриб чиқилди.

Қўмита томонидан Шерзод Қосимов ЎФA интизом кодексининг 5.44. бандига асосан бир қатор футбол учрашувларида учрашувга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишувларда қатнашгани учун 3 (уч) йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштириш хусусидаги қарор қабул қилинди. Мазкур қарор ЎФA томонидан расмий тарзда эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради», - дейилади ЎФА баёнотида.

Декабрь ойида Шерзод Қосимов ЎФА томонидан Қатардаги ОЧЛдан чақириб олингани хабар қилинганди.

Қосимов ўтган йилнинг август ойида «Сўғдиёна» - «Бунёдкор» (3:3) ўйинидаги бир қатор шубҳали қарорлари учун Суперлига баҳсларидан 4та ўйинга четлатилган, аммо бу ҳақда ЎФА томонидан расман эълон қилинмаганди. Кейин эса Про лигада «Оқтепа» - «Динамо» (1:1) учрашувида меҳмонлар дарвозаси томон белгиланган пенальти ва қизил карточкаси туфайли Самарқанд жамоаси эътирозига сабаб бўлганди. Сўнгги марта Суперлигада 17 октябрь куни «Машъал» - ОКМК (0:2) учрашувида ишлаган 32 ёшли арбитр бошқа ўйинга тайинланмаганди.

Эслатиб ўтамиз, бунгача келишилган ўйинлар ва коррупцион ишларга аралашгани учун ФИФA ҳаками Жасур Мухторов 5 йил муддатга, бош ҳакам Темур Тўхтасинов 2022 йилгача, бош ҳакам Аскер Нажафалиевни эса 2020 йил охиригача футболдан четлатилгани ва ҳар бири 90, 70 ва 10 миллион миқдорида жаримага тортилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Top