12:08 / 22.01.2021
5034

Абдулазиз Комилов Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси Сума Чакрабарти билан учрашди

2021 йилнинг 22 январь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон президентининг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти билан учрашди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, учрашувда томонлар президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларини амалга ошириш борасидаги ишлар ва мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш, халқ фаровонлигини изчил оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни муҳокама қилди.

Ўзбекистон дунё ва минтақадаги ўзгарувчан вазият ҳамда кенг кўламли ички янгиланишларни ҳисобга олган ҳолда очиқ, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошираётгани қайд этилди.

Вазир мамлакат ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши Марказий Осиё давлатлари билан дўстона ва конструктив муносабатларни мустаҳкамлаш эканини қайд этди. 

“Ўзбекистон юритаётган сиёсат минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга, минтақавий хавфсизликнинг муҳим муаммоларини ҳал қилишга, жумладан, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган”, - дейилади маълумотда.

Суҳбатдошлар халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, иқтисодий дипломатияни илгари суриш ва минтақавий савдо-иқтисодий кооперацияни мустаҳкамлаш бўйича белгиланган вазифаларни биргаликда амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.

Top