10:15 / 09.02.2021
4883

Судьялар Олий кенгаши Навоийда газета бош муҳарририга босим қилган суд раисининг ҳаракатларини ўрганмоқда

2021 йил 8 феврал куни Kun.uz сайтида «Навоийда суд раиси газета муҳарририга буюртма мақола чиқарилмагани учун таҳдидли хат йўллади» сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда Навоий вилояти Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Хуршид Турсунов «Учқудуқ» газетаси таҳририяти муҳаррири Райҳон Қодировага юборган мақолаларини чоп этиб, газетадан бир нусха жўнатмаса, жаримага тортиши ҳақида таҳдидли хат жўнатгани, суднинг буюртма мақоласи эса плагиат бўлиб чиққани ҳақида сўз юритилганди.

Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати ушбу мақолада тилга олинган ҳолатлар бўйича суд раисининг хатти-ҳаракатлари Кенгаш томонидан ўрганилаётганини маълум қилди.

«Мазкур мақолада қаламга олинган воқелик жиддийлиги, айниқса  «Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси» талаблари бузилган-бузилмаганига ойдинлик киритиш ва тегишли баҳо бериш лозимлигидан келиб чиққан ҳолда ўрганилмоқда.

Натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилади», дейилади Судьялар олий кенгаши маълумотида.

Top