13:50 / 01.04.2021
8228

«Институт учун ажратилган 1,1 млн долларлик маблағдан ҳалигача бирор техника олганимиз йўқ» – Микробиология институти директори

31 март куни Фанлар академияси Микробиология институти фаолияти билан кенгроқ таништириш мақсадида ОАВ учун пресс-тур ташкил қилинди.

Микробиология институти директори Қаҳрамон Давронов

Микробиология институти 1977 йилда Фанлар академияси тизимида ташкил этилган бўлиб, ҳозирда 9та илмий-тадқиқот лабораторияси фаолият кўрсатмоқда. Институтнинг асосий илмий йўналиши қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, озиқ-овқат ҳамда экологик муаммолар ечимига қаратилган.

Институт директори биология фанлари доктори профессор Қаҳрамон Давронов институтнинг асосий илмий йўналишларидан бўлган қишлоқ хўжалиги, тупроқ шўрланиши каби муаммолар ҳақида маълумот бериб ўтди.

«Институт илмий фаолиятининг 30 фоиздан кўпроқ қисми қишлоқ хўжалигида экологик тоза маҳсулот етиштириш, турли сабаблар оқибатида ишдан чиқиб бораётган тупроқни қайта тиклаш, соғломлаштиришга қаратилган.

Тупроғимиз нафақат шўрланди, чувалчанглар камайди, балки синчиклаб ўрганиладиган бўлса, ундаги микроорганизмларни ҳам кўрмай қўйдик. Микроорганизмларнинг тупроқ сифати учун аҳамияти жуда катта. Агар тупроқ таркибидаги микроорганизмлар қайта тикланса, кейинги жараёнлар ҳам ўз-ўзидан жойига тушади.

Турли минтақалар учун алоҳида хусусиятларга эга бўлган микроорганизмлардан фойдаланган ҳолда препаратлар яратиб келинмоқда», дея таъкидлади институт директори.

Институтда 2020 йилда янги тажриба-экспериментал лабораторияси ташкил қилинган. Лабораторияга хорижий банк ва жамғармалар маблағлари жалб этилган.

Лабораторияда фармацевтика, ветеринария, паррандачилик ва балиқчилик учун янги хусусиятларга эга микроб препаратлар яратиш, уларни кичик ҳажмда ишлаб чиқариш ва амалиётга татбиқ этиш ишлари амалга оширилади.

Лаборатория ходимлари маълумотига кўра, ишлаб чиқариш учун тайёр бўлган биопрепаратлардан бири ошқозон ва ичак яллиғланишининг олдини олувчи ва даволовчи «Лактопрополис» дори воситаси бўлиб, дунёда препаратнинг аналоги йўқ, илмий лойиҳалар доирасида ўтказилган клиниколди синовлари унинг юқори самарадорлигини кўрсатган. Шунингдек, ушбу препаратни май ойида ишлаб чиқариш ва тижоратлаштиришни йўлга қўйиш мўлжалланаётгани қўшимча қилинди.

Бундан ташқари, ушбу лабораторияда анъанавий лаcтобаcтерин, бифидумбаcтерин препаратлари билан бир қаторда қондаги шакар миқдорини пасайтирувчи, витамин ҳосил қилувчи пробиотик препаратлар, сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ишлатишга мўлжалланган бир марта қўшиладиган ачитқилар, ветеринария, паррандачилик, балиқчиликда ишлатиладиган озуқага пробиотик қўшимчалар ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Лаборатория янги авлод биопрепаратлар ишлаб чиқиш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш ҳамда фармацевтика ва биология йўналишида таълим олаётган бакалавр ва магистрлар учун амалиёт ўташга хизмат қилади.

Институт директори Қаҳрамон Давронов илм-фан соҳасида тижоратлаштириш, бу йўналишда микробиология учун алоҳида ёндашув зарурлиги, микробиологик тадқиқот натижалари учун алоҳида корхона тузиш ва бунинг учун институтдаги салоҳият ҳақида ҳикоя қилиб берди.

«Мамлакатимизда илм-фанни тижоратлаштириш бўйича тизимли ишлар қилиняпти. Аммо бу ишлар Микробиология институтига тегишли бўлмаслиги керак, деб ўйлайман. Кимё ёки бошқа соҳа олимлари мамлакатдаги турли заводларнинг бир қисмини модернизация ёки янги технология яратиш орқали тижоратлаштириш ишларини амалга ошириши мумкин.

Афсуски, нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа Марказий Осиё давлатларида ҳам микробиология саноати ривожланмаган. Биз 2020 йилда биринчи микробиологик тажриба-экспериментал лабораториясини ташкил этдик. Ҳали олдимизда ишлар кўп, микробиология соҳасини тижоратлаштиришни истар эканмиз, ишлаб чиқариш корхонаси қуришимиз, маҳсулот ишлаб чиқарадиган технология олиб киришимиз керак, корхона эса бевосита институт ҳузурида ва назоратида бўлиши зарур. Бунинг учун институтда илмий салоҳият етарли. Бунга нима халақит қилади — маблағ ва ишонч. Бугунги кунда шундай ҳолатдамизки, институт зиммасига масъулият олишга қодир. Бу янги лабораториямиз катта ишлар олдидаги бир дебоча», деди институт директори.

Олим, шунингдек, бир неча йил аввал Фанлар академияси институтлари учун асбоб-ускуналар олишга президент томонидан ажратилган маблағлар ҳамон самарали ишлатилмаётгани юзасидан фикрини билдирди. Унга кўра, институт сотиб оладиган приборлар учун ажратилган 1,1 млн долларлик маблағдан ҳалигача бирор техника олинмаган.

«Илмга эътибор қаратиш борасида президентимиз олиб бораётган сиёсатни тўла оқлайман. Бир неча йил аввал 36 млн доллар ажратган эдилар, нега илм-фан асбоб-ускуналари учун ажратилган бу маблағ ишламаяпти? Нега керакли ускуналар олиб келиб берилмаяпти?

Балки, фан арбобларининг ҳам хатоси бордир, лекин шу ишлар ижросида турган инсонлар нега бунга беэътибор бўляпти? Ўзимиз бошдан ўтказдик, икки йилда ўн марта приборлар жадвали қайтадан кўриб чиқилди, институт учун ажратилган 1,1 млн долларлик маблағдан ҳали бир дона асбоб олганимиз йўқ. Президентимизнинг ғамхўрлиги асосида фанни тўғри йўлга қўядиган бўлсак, илм ўз жавобини бера оладиган ҳолатда», деди Микробиология институти директори Қаҳрамон Давронов.

Институтдаги бошқа лабораториялар фаолияти ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Шулардан яна бири молекуляр биология лабораторияси бўлиб, 2020 йилда ташкил этилган. Лаборатория илмий фаолиятининг асосий йўналиши:

– биологик фаол моддалар ишлаб чиқарувчи микроорганизмларнинг молекуляр генетик хусусиятларини тадқиқ этиш ва микроорганизмларнинг рекомбинант штаммларини олиш;

– зараркунанда ҳашаротлар, касаллик туғдирувчи замбуруғ ва бактерияларга қарши биологик кураш чораларини излаш ва татбиқ этиш.

Лаборатория илмий ходимлари маълумотига кўра, бу жойда зарарли ҳашаротларга қарши Bacillus thuringiensis бактериясининг 100дан ортиқ штамм намуналари йиғилган. Бу бактерияларнинг морфо-физиологик, културал, физиологик ва биокимёвий хусусиятлари ўрганилган. Ўсиш давомида бактериялар зарарли ҳашаротларга қарши кристалл оқсилларини ишлаб чиқариши ва унинг таъсир этиш механизмлари очиб берилган.

Ҳозирги кунгача ушбу бактерияларни асал мум қурти, кўсак қурти, тенгсиз ипак қурти ва шираларга таъсир қилиши аниқланган. Bacillus thuringiensis бактериясининг фаол штаммлари асосида «Экобак» номли биоинсектицид препаратининг регламенти яратилиб, ишлаб чиқаришда қўллаш учун тайёр ишланма ҳолатига олиб келинган.

Тупроқ микробиологияси ва биотехнологияси лабораторияси

Лаборатория ходимлари тупроқдаги ўсимликлар учун муҳим микроорганизмларни ўрганиб, улардан биоўғитлар ва биостимуляторлар тайёрлаш йўналишида изланиш олиб боради.

Лаборатория ходимларининг маълум қилишича, шўрланишга чидамли фаол цианобактерия штаммларининг тупроққа интродукцияланиши натижасида тупроқдаги гумус, умумий азот, аммиакли азот, умумий калий миқдори ошади ва фосфор қолдиқларининг миқдори камаяди. Бу эса шўрланиш шароитида тупроқнинг кимёвий таркиби яхшиланиши ва унумдорлиги ошишига олиб келади.

Йигитали Маҳмудов тайёрлади.

Top