11:46 / 10.04.2021
14573

Авиачипталар «Uzbekistan Airways» агентлари томонидан олдиндан сотиб олингани тўғрисидаги даъволар асоссиз – Транспорт вазирлиги

 Пандемиягача ҳафтасига ўртача 175та рейс бўлган ва фақатгина авиақатновлар орқали 40 000дан ортиқ йўловчиларга хизмат кўрсатилган. Бундан ташқари мунтазам равишда ҳафтасига 13та поезд қатновлари, 12 маротабадан автобус қатновлари амалга ошириб келинган.

Россия ҳудудига коронавирус инфекцияси кириши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тезкор штабнинг 25 март куни ўтказган йиғилишда бир қатор мамлакатлар билан мунтазам авиақатновларни тиклаш юзасидан қарор қабул қилинган эди.

 Мазкур қарорга мувофиқ, жорий йилнинг 1 апрел санасидан эътиборан Россия ҳамда Ўзбекистон ўртасида мунтазам авиақатновлар ҳафтасига бир маротаба амалга оширилишига рухсат этилди.

 Икки мамлакат авиация маъмуриятлари ўртасидаги келишувга биноан Россиянинг «Аэрофлот» авиакомпанияси 2021 йил 5 апрел санасидан ҳар якшанба кунлари Москва – Тошкент – Москва йўналишида, «Uzbekistan airways» авиакомпанияси эса 7 апрел санасидан ҳафтанинг ҳар шанба кунлари Тошкент – Москва – Тошкент йўналишида мунтазам парвозларни амалга оширишга киришди.

 Мазкур рейсга Ўзбекистоннинг барча фуқаролари ва Россия ҳукуматининг 2020 йил 16 мартдаги 635-р фармойиши асосида Россияга киришга чеклов қўйилмаган Ўзбекистонда доимий яшаш ҳуқуқига эга чет эл фуқаролари киритилиши мумкин.

 Ушбу йўналиш бўйича парвоз қилиш учун Россияга келишдан аввал 3 календар кунидан ошмаган ҳолда ПЗР-тест (рус ёки инглиз тилида) ўтказиш талаб қилинади.

 Айни дамда аҳоли вакилларидан мазкур йўналишдаги мунтазам қатновларга чипталар сотувда қолмагани билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Шунингдек, мазкур масала ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилинмоқда.

 Вазият юзасидан Ўзбекистон Транспорт вазирлиги қўшимча маълумот берди.

 «Айнан Россияга мамлакатимиздан борувчи йўловчилар оқимининг ҳаддан ташқари кўплиги, бугунги эпидемиологик вазият туфайли транспортнинг бошқа турларида қатновлар амалга оширилишига рухсат этилмагани, авиақатновлар сонининг ҳам чеклангани талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликнинг кескин ортиб кетишига сабаб бўлмоқда.

 Пандемиягача бўлган даврда Ўзбекиcтоннинг турли ҳудудларидан Россия Федерациясига «Uzbekistan airways» авиакомпанияси ҳафтасига 87та рейс бажарган бўлса, Россия авиакомпаниялари эса мамлакатимизнинг турли шаҳарларига ҳафтасига 97 рейс амалга оширган. Фақатгина авиақатновлар орқали ҳафтасига 40 000дан ортиқ йўловчиларга хизмат кўрсатилган. Бундан ташқари, Тошкент – Москва, Андижон – Москва, Тошкент – Қозон, Тошкент – Волгоград, Тошкент – Саратов, Тошкент – Новосибирск, Тошкент – Уфа, Андижон – Уфа йўналишларида мунтазам равишда ҳафтасига 13та поезд қатновлари амалга оширилган. Шу билан бирга, Тошкент – Москва, Тошкент – Санкт-Петербург, Тошкент – Қозон, Тошкент – Нижний Новгород, Тошкент – Омск, Тошкент – Новосибирск йўналишларида ҳафтасига 12 маротабадан автобус қатновлари амалга ошириб келинган.

Айнан юқорида келтириб ўтилган кўрсаткичларнинг ўзи ҳафтасига бор йўғи бир маротаба амалга оширилаётган мунтазам авиақатновларга чипталарнинг нима учун айни дамда сотувда қолмаганига изоҳ бўла олиши мумкин. Турли транспорт қатновларидан фойдаланган йўловчиларнинг барчаси ҳозирда ўрнатилган чеклов чоралари сабаб фақатгина авиақатновлар орқалигина сафарни амалга оширишга мажбур бўлмоқда.

Авиачипта нархларини сунъий равишда ошириб сотиш мақсадида, Uzbekistan Airways компанияси агентлари томонидан чипталар олдиндан сотиб олингани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган даъволар эса мутлақо асоссиздир.

Uzbekistan Airways авиакомпанияси раҳбарияти энг қуйи поғонадаги ходимлардан тортиб, юқори лавозимлардаги раҳбарларнинг ҳам авиачипта сотувлари билан боғлиқ турли-туман кўринишдаги нохолис хатти-ҳаракат содир этишига нисбатан тоқатсиз муносабатда эканини, чипта сотувлари билан боғлиқ барча жараёнлар шаффоф тарзда амалга оширилиши устидан назорат ўрнатганини маълум қилади.    

Uzbekistan Airways авиакомпанияси томонидан Тошкент – Москва йўналишида бажарилаётган мунтазам авиақатновлар эконом класс чипта нархи бир томонга 4 200 000 сўмгача, бизнес класс чипта нархлари эса 10 736 222 сўмгача сотилмоқда. 

 Шу ўринда, йўловчилардан тушунмовчиликларнинг олдини олиш учун чипталарни тезлаштириб харид қилиш хизматларини таклиф қилувчи шубҳали шахсларга мурожаат этмасликни сўраб қоламиз. Чиптада кўрсатилган ва ўзингиз тўлаган нархни таққослашингизни тавсия этамиз. 

Бундан ташқари, ҳозирда ижтимоий тармоқларда Россияга Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан чартер қатновлари амалга оширилиши тўғрисидаги ёлғон хабарлар тарқатилиб, фуқароларга алдов ва товламачилик йўли билан чипталар сотувини ташкил этаётган гуруҳларнинг фаоллашгани кузатилмоқда.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги фуқароларимизга бу каби ёлғон хабарларга ишониб, алданиб қолишнинг олдини олиш мақсадида, чартер рейсларини амалга оширувчи авиакомпанияларга парвозни бажаришига рухсат этилгани тўғрисидаги маълумотларни Фуқаро авиацияси агентлиги расмий веб-сайтидан аниқлаштириб олишни тавсия этади.

Эслатиб ўтамиз, чартер рейслари орқали учиш истагида бўлган йўловчиларда, РФ ҳукуматининг 2020 йил 16 мартдаги 635-р  фармойишига кўра, мамлакатга кириш учун чипта харид қилишида асос бўлиши шарт.

Ҳозирда Транспорт вазирлиги Россиянинг тегишли вазирлик ва идоралари билан эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда, мунтазам авиарейслар сонини кўпайтириш бўйича музокараларни давом эттирмоқда. Барқарор эпидемиологик вазият сақланиб турган тақдирда нафақат авиақатновлар, балки темир йўл қатновларини қайта тиклаш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.

 Фуқаролар мавжуд вазиятга тўғри баҳо беришига умид қилиб қоламиз. Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган нохолис маълумотларга чалғимасликларини сўраб қоламиз», дейилади вазирлик баёнотида.

Top