15:12 / 04.05.2021
22455

Emirates'га ишга кириш, 69 та давлатга саёҳат ва блогерлик — Даврон Алижонов билан суҳбат

Бирлашган Араб Амирликларига сафар қилган SUBYEKTIV жамоасининг навбатдаги суҳбатдоши ўзбек дўпписи ва пиёласининг амбассадори, дунёнинг энг нуфузли авиакомпанияларидан бири – Emirates airlines'да 5 йилдан ортиқ вақт мобайнида экипаж аъзоси бўлиб ишлаб келаётган саёҳатчи ва блогер Даврон Aлижонов (Teazeal) бўлди.

– Шу пайтгача нечта давлатда бўлгансиз?

– Пандемия даврини ҳам ҳисобласак, жами 69та мамлакат, дунёнинг 30 фоизида бўлганман. Kun.uz'га биринчи марта интервью берганимда 42та давлатда бўлгандим.

– Ҳар хил давлатда бўлгансиз. Сизнингча, қайси давлатда одамлар бахтлироқ?

– Менимча, итальянлар кўпроқ бахтли. Чунки уларнинг таомлари мазали, уларда стресс ҳам камроқ бўлади. Иложи борича ҳаётини ўйин-кулги, самимият ва рақс билан ўтказади.

Лекин мен учун бахт ёки хурсандчилик бу манзил эмас. Бу – сизнинг йўлингиз. Яъни инсон ўзи хурсандчиликни яратиши керак. Aгар қайсидир мамлакатда инсон хурсандчиликни ярата олиш мумкинлиги ҳақида ўйласа, шу халқ кўпроқ бахтли бўлаверади.

Масалан, тасаввур қилинг, ҳозир сиз хурсандмассиз. Лекин хурсанд бўлишга қандайдир сабабингиз бор. Соғломлигингиз ёки ота-онангизнинг борлиги. Эрталаб уйқудан уйғонганингиз ҳам бахт. Сабаби яна 24 соат сизга берилди.

Шунинг учун бир нарсага етишиш эмас, балки жараённинг ўзи бахт. Масалан, Ўзбекистонда ўртача яшаш 70 йил бўлса, сиз шу вақт давомида бахтли инсонга айланасиз. Бир нуқтага келиб бахтлиман, деган инсон бўлмайди, демоқчиман.

– Ўзбек пиёласи ва дўпписи ғояси қаердан пайдо бўлган?

– Follow me каби ғоялар менга туртки бўлган. Ва мен ҳам қандай ҳолатда ўзбекчиликни ва саёҳатларни бир нуқтада сақлаб қолиш мумкинлиги ҳақида ўйладим. Бошимдаги дўппи ҳам Ўзбекистоннинг умумийлашган рамзи. Пиёла эса бу менинг чойга қизиқишим.

– Бу ғоя келган вақтда қаерда эдингиз?

– 2017 йилда Сиднейда эдим. 25-27 давлатга ўқишдалик пайтимда борганман. Шенген визам бўлгани сабаб, бу зона бўйлаб камчиқим саёҳатга чиққанман. У даврларда бу ғоя бўлмаган. Лекин ҳар доим дўппим ўзим билан бўлган. Ўқишда презентациялар вақтида ёки кўчада ҳам дўппи кийиб юрганман. Мен учун дўппи эскилик ҳам, замонавийлик ҳам эмас. Бу сизнинг ўзлигингиз.

Масалан, Дубайда инсонлар ўзининг абая ёки кандурасида юришади. Бу ҳам уларнинг ўзлигини сақлагани, ҳам замонавий бўла олишини исботлайди.

Шунинг учун дўппи менда доим бўлган. Саёҳатларим кўпайган сари саёҳатларимни қизиқишларим билан боғлаган ҳолда миллийлигимизни акс эттириш ғояси келди. Буни чой билан боғлашим керак эди. Шунинг учун tea – чой ва zeal – ғайрат сўзларини бирлаштириб, пиёла ёки орқа томонда тушган расмга #teazeal ҳештегидан фойдалана бошладим.

Биринчи расмим Сиднейда, Opera House билан бўлган. iPhone 6 телефонимда тушгандим.

– Бу Instagram'да лайк йиғишга қаратилганмиди ёки ўзингиз ич-ичингиздан хоҳлаганмисиз?

– Ич-ичимдан чиққан. Instagram'да кўпроқ лайк йиғишни истаганимда, люкс ҳаёт тарзини кўрсатган бўлардим ва менда аниқ кўпроқ обуначи бўларди. Лекин асосий мақсадим Ўзбекистонни промоут қилиш деса ҳам бўлади. Масалан, четда юрганингизда, кимдир сиздан бошингиздаги тўртбурчак нарса нима деб сўрайди. Кейин тушунча беришни бошлайсиз.

Менда «Do you know Uzbekistan?» деган лойиҳа ҳам бўлган. Бунда ҳар хил мамлакатга борганимда маҳаллий аҳолидан Ўзбекистон ҳақида сўралади. Пандемиядан кейин бошлаймиз.

– Ўзбекистон ҳақида билишадими?

– Кўпчилик билмайди. Ҳатто Ўзбекистоннинг ўз тили борлигини ҳам билишмайди. Ўзбекистонни совет иттифоқи билан боғлашади. Шунинг учун мен обуначиларим, дўстларимга ўзбек тилида гаплашишни, тилнинг ҳурмат даражасини юқорироқ қўйишни тавсия қилиб келаман.

Инсон ўз тили ва миллийлигига эътибор бермаса, у инсон сифатида ўзини аниқлай олмайди.

– 5 йилдан бери Emirates airlines'да ишлайсиз. Қандай қилиб бу ерга келиб қолгансиз?

– Emirates airlines'га келишимнинг сабаби айнан саёҳатлар билан боғлиқ. Чунки Emirates ходими сифатида сизга саёҳатга чегирмалар берилади. Ҳам иш қисми саёҳат бўла туриб, ҳам қўшимча чегирмалар олиш мени компанияга жалб қилган.

Халқаро бизнес йўналишида ўқишни битириш арафасида Job hunting деган дастур бўлиб, бунда ҳар хил Скандинавия мамлакатлари ёки Польша, Дубайнинг ўзидан ҳам менга ишга таклифлар келган. Шу қатори Emirates'га ҳам топширганман.

– Emirates’га қабул жараёни ҳақида батафсил гапириб берсангиз.

– Компанияга CV юборасиз. CV маъқул келса, жамоавий ишлашингизни текширадиган Open day имтиҳонига чақиришади. CVда портфолиум, 2та мамлакат – Япония ва Латвияда ўқиганим, талабалик вақтида саёҳат агентлигида ишлаганим, талабаликдан олдин ҳам инглиз тилида Ўзбекистонда ўқитувчилик қилганим ҳақида ёзганман.

Open day'да сизнинг жамоа билан ишлашингизни текширишади. Яъни лидерлик қилиш ва лидернинг орқасидан бориш қобилиятингизни кўришади. 2-босқичда инглиз тили билими текширилади. 3-босқичда сизга турли хил вазиятларни кўрсатишади, сизни инсонлар билан ҳар хил вазиятларга қўйиб, ҳар хил касб эгалари – шифокор, ўт ўчирувчи кабиларга айлантиради. Чунки самолёт ичида ҳар хил касб эгалари ишини қилишга тўғри келиши мумкин.

Ҳаммаси муваффақиятли ўтса, охирги босқич – финал интервью бўлади. Менда бу интервью 1 соат давом этган. Ҳам бераётган жавобларингиз, ҳам CV'га қараб сизни human source мутахассиси таҳлил қилади. Aгар уларга маъқул келсангиз, golden call деган телефон бўлиб, ишга қабул қилинганингизни айтишади.

Келганингиздан кейин тиббий кўриклар, тренинг бўлади ва тренинг охирида халқаро даражадаги учиш лицензияси ва сертификат билан иш бошлайсиз.

– CV топширган вақтингиздан тренинггача бўлган давр қанча эди?

– 7 ой.

– Сиз экипаж аъзоси сифатида бортга чиқасиз. Экипаж аъзоси нима билан шуғулланади?

– Экипаж аъзосига стюардессалар, уларнинг супервайзерлари, бизнес класс ходимлари, умумий менежер, экипаж капитани ва биринчи офицер киради. Улар асосан сервис кўрсатади. Лекин биринчи навбатда инсонларнинг хавфсизлиги туради.

Биз текшириш ишларини амалга оширамиз. У ерда самолётнинг ҳар бир қисмини икир-чикиригача техника томонидан, эвакувацияда керак бўладиган ускуналар, самолётнинг ўз ички қисмини текширамиз. Йўловчилар чиққанда эса ҳам самимийлик, ҳам тартибни кўрсатиш керак. Бизнинг Emirates бренди 7,7 млрд туради. Биз шунинг амбассадори сифатида ўзимизни инсонлар олдида яхши тутишимиз керак.

– Emirates airlines'нинг қандай талаблари бор?

– Талаблари жуда оддий. Биринчиси, сиз самимий одам бўлишингиз керак. Буни ўзингиз учун энг биринчи вазифа қилиб олмасангиз, кейинчалик иш давомида қийналасиз.

Шунингдек, сизда 12 йиллик ўқув билими бўлиши керак. Мактаб ва коллеж ёки лицей таълими. Олий таълим шарт эмас. Лекин компанияга ҳужжат топширадиганларнинг 90 фоизи олий таълимни олган бўлади. Бу номзод учун устунлик бериши мумкин.

Инглиз тили IELTS'дан 7 балл даражаси етади, менимча. Лекин сертификат талаб қилинмайди. Улар номзоднинг инглиз тили билимини ўзлари текширади.

Бўй қўлни узатганда 2,15 сантиметр бўлса етади. 21 ёшдан катталар қабул қилинади.

– Экипаж аъзоси бўлиб неча ёшгача ишласа бўлади?

– Ҳар бир компаниянинг ўз қонун-қоидаси бор. Бизда айнан бир ёш белгиланмаган. Лекин мен экипаж аъзолари орасида 50 ёшдан катта кишини кўрмадим.

– Тренинг пайтида ойлик тўланадими?

– Тўланади. Бизда ойлик 2 қисмга: ойликнинг ўзаги ва қолгани учиш вақтларига қараб қўшилади. Учиш вақтлари бўлмаган ҳолатда ойликнинг ўзак қисми тренинг пайтида берилади. Яъни турар жойдан ташқари, 1500 доллар атрофида бўлади. Бу менга етган.

– Учиш соатлари қандай ҳисобланади?

– Масалан, Дубай–Лондон йўналишида парвозни амалга оширсангиз, 6,5–7 соат вақт қўшилади. Ҳар бир соатига 18 доллар атрофида берилади. Бир ойда пандемия бўлмаган вақтда ўртача 100 соат бўлади.

– Ишдан ташқари ҳам бошқа мамлакатларга учиб турасизми?

– Бирор мамлакатга борганман деб ҳисоблашингиз учун у ерда камида 3 маҳал овқатланиб, 1 кеча ётиб қолишингиз керак. Шунинг учун бир кун қолмай ортга қайтган ёки аэропортнинг ўзидагина бўлганим мамлакатларни рўйхатимга киритмаганман.

Ўзим хоҳлаган давлатларга бориш учун Emirates ва у билан ҳамкорлик қиладиган ҳаво йўллари компаниялари томонидан 90 фоизлик чегирма берилади. Emirates'да учсам, ўша 10 фоизини ҳам тўламайман, уни ойлигимдан ушлаб қолишади. Бу ерда яшаш жуда қулай, Emirates ходимларига меҳмонхона, ресторанларда ҳам чегирмалар қилиб беришади. Лекин бу комфорт зона сизни бошқа нарсаларга ҳаракат қилишдан тўхтатиб қўяди. Шу сабаб Emirates ходимлари ўз бизнеси, ресторани, спорт тренинг курсларини очиб олишган. Мен ҳам шу сабаб YouTube'да влогер бўлишни танладим.

Бирор мамлакатга борганда ўша мамлакат тилида гапирса, маҳаллий аҳолига жуда ёқади. Мен Японияда япон, Литвада латиш тилини ўрганганман. Лекин энг аввало самимийлик тили жуда муҳим. Масалан, Ўзбекистонга келадиган туристларга нисбатан аэропортдаги ёки паспорт назоратидаги одамлар қўпол муомалада бўлишлари керак эмас. Ҳар ҳолда, тил билишлари керак. Ўзбекистонлик ватандош Ўзбекистонга қайтганида уни ҳам самимият билан кутиб олиш керак. Лекин бизда кўп ҳолатларда унақамас. Эшикни очганингизда қўпол муомала қилсангиз, меҳмоннинг киргиси келмайди. Aэропорт бу – эшик. Aэропорт чиройли бўлиши керак.

Мен ҳозир Ўзбекистон ўсяпти деб эшитяпман. Лекин бу ўсиш камида ўзимиз билан бир қатордаги мамлакатлар билан таққослаганда кўриниши керак. Бу ўсиш фақатгина аэропортнинг чиройида эмас, одамларнинг самимийлиги, маданиятида ҳам кўриниши керак. Масалан, Сейшел оролларида аэропортдан тушган кишини жуда яхши кутиб олишади. Сиз бу мамлакатда самимият борлигини аэропортидан билиб оласиз.

Жамшидхон Зиёхонов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.
Монтаж устаси – Муҳаммаджон Ғаниев.

  • Тўлиқ интервьюни SUBYEKTIV'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилинг.
Top