15:15 / 27.05.2021
17891

«Реал» Зиданнинг истеъфосини эълон қилди

Зинедин Зидан «Реал» бош мураббийлигини тарк этди.

Мадрид клуби француз мутахассис билан шартнома унинг ташаббуси билан бекор қилинганини эълон қилди.

«Унинг қарорини ҳурмат қилган ҳолда барча меҳнатлари учун раҳмат айтамиз. Зидан «Реал»нинг рамзларидан бири ва доим клуб афсонаси бўлиб қолади. Футболчи сифатида ҳам, мураббий сифатида ҳам. «Реал» ҳар доим Зиданнинг ўз уйи», - дейилган клуб баёнотида.

Мураббийнинг амалдаги шартномаси 2022 йил ёзига қадар тузилганди. 

Бир муддатлик танаффусдан кейин 2019 йил мартида «Реал»га қайтган Зидан ўтган мавсумда Испания чемпионлиги ва Испания Суперкубогини қўлга киритганди. Жорий мавсумда «Реал» Чемпионлар лигаси ярим финалига етиб борди ва Ла Лигада иккинчи ўринни эгаллади.

Зидан «Реал»ни 2016 йилдан 2018 йилга қадар ҳам бошқарган, бу вақт мобайнида у жамоани уч бор Чемпионлар лигаси ғолиблигига бошлаб борганди. Шунингдек, «Реал» унинг раҳбарлигида бир марта Испания чемпиони бўлган, бир марта мамлакат Суперкубогини, икки марта УЕФА Суперкубогини қўлга киритиб, икки марта клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққанди.

Француз мутахассис «қаймоқранглилар» бошқарувида жами 263 ўйин ўтказиб, 174 ғалабагага эришган, 53 дуранг қайд этган ва 36 ўйинда мағлуб бўлгна. Тўплар нисбати 605:267.

Бундан аввалроқ «Ювентус»нинг собиқ бош мураббийи Массимилиано Аллегри ёки «Интер»нинг собиқ бош мураббийи Антонио Конте «Реал»га келиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.

Испаниянинг Marca нашри эса Зидан кетган ҳолатда унинг ўрнини «Реал»нинг собиқ сардори Рауль Гонсалес эгаллаши ҳақида ёзганди. Шунингдек, ОАВда «Реал» раҳбарияти Германия терма жамоаси бош мураббийлигини тарк этган Йоахим Лёвнинг номзодини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзган.

Top