16:37 / 01.06.2021
6840

«Меҳр-5» операциясида Ўзбекистонга олиб келинган болаларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар берилди

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида «Меҳр-5» операциясида Суриядан Ўзбекистонга олиб келинган 45 нафар болага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар расмийлаштирилиб берилди. Шунингдек, яна 24 нафар болага бирламчи олинган гувоҳномаларига сўровномалар жўнатилиб, бошқа вилоятлардан такрорий гувоҳномалар олиши таъминланган.

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармасининг Kun.uz’га маълум қилишича, болаларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни топшириш учун Чирчиқ шаҳар ИИБ, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими, васийлик ва ҳомийлик органлари, психологлар ҳамда тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда иш олиб борилган.

Шунингдек, саналарга аниқлик киритиш учун «Меҳр-5» операцияси доирасида олиб келинган аёллар билан фарзандларининг туғилган куни, ойи ва йиллари бўйича суҳбатлар олиб ўтказилган, тиббий маълумотномалари бор ёки йўқлигига аниқлик киритилган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 30 апрел куни Ўзбекистон ҳукумати «Меҳр» сериясидаги бешинчи махсус операцияни ўтказди. Тадбирда Суриядаги уруш нуқталарига бориб қолган, «Ал-Ҳол» лагерида 3 йилдан кўпроқ вақт давомида ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилган эди.

Top