19:25 / 08.06.2021
6470

Евро-2020 олдидан: Англия турнирга қай даража тайёр?

Европада йилнинг энг катта футбол воқеаси бошланишига кўп фурсат қолгани йўқ. Бу даврга келиб, турнир фаворитлари ўзлари учун якуний таркибларни тўлиқ танлаб олган ва энди уларнинг потенциали, мусобақадаги имкониятлари хусусида фикрларни билдириб ўтиш мумкин.

Албатта, биз рақамлар, футболчиларнинг умумий ҳолатига қараб, таҳлилларни амалга оширамиз. Улар тўлиқлигича тўғри чиққан тақдирда, футболни томоша қилишдан маъно қолмасди. Европа чемпионати ва бу типдаги мусобақалар доим ўз ичига сюрпризларни яширган бўлади. Бироқ шуниси маълумки, «кўҳна қитъа» биринчилиги олдидан Англия фаворитлардан бири. «Уч шерлар» жамоасида эса муҳокамага арзийдиган мавзулар мавжуд.

Футбол ватани ҳисобланадиган Англия нуфузли мусобақаларда у қадар совриндор эмас. Таъбир жоиз бўлса, уларни омадсиз деб ҳам аташ мумкин. Жамоа бирор марта Европа чемпионатида зафар қучмаган. Жаҳон чемпионатидаги ягона ғалаба олис 1966 йилга бориб тақалади. Бугун Англия миллий жамоасининг таркиби ҳавас қиларли даражада. Аммо бундан аввалги иккита нуфузли мусобақада инглизлар жуда аламли тарзда мусобақани тарк этди. Россиядаги мундиалда «туманли альбион» вакиллари 1990 йилдан сўнг, биринчи маротаба яримфиналда қатнашди. Рақиб Хорватия эди. Барчаси англиялик футбол мухлисларини хурсанд қиладиган ҳолатда кетаётган эди. Кутилмаганда, Саутгейт шогирдлари имкониятни бой берди. Учинчи ўрин учун курашда ҳам Белгияга енгилдилар. Кейинроқ, Миллатлар лигаси яримфиналида ҳам мағлубият аламини тотишга мажбур бўлишди. Бу каби «олтин авлод» соврин ютмасдан фаолиятини якунласа, қандай ачинарли…

Дарвоза: Жордан Пикфорд

«Эвертон» посбонида дарвозабондан талаб қилинадиган барча хислатлар мавжуд. Аммо ўзига бўлган ишонч масаласида Жордан анча оқсайди. Баъзан имконсиз тўпларни олиб чиқадиган кипер бирдан арзимаган вазиятда гол ўтказиб юборса, буни қандай изоҳлаш мумкин?! Унинг бахтига, рақобатчилари мавсумни барқарор ўтказа олмади. Дин Ҳендерсон асосий вақтини «МЮ» захирасида сарфлади. Ник Поуп «Бёрнли» муваффақиятсизликлари соясида йиғинга жалб этилмади. Жонстоун ва Рамздейл эса, буткул чорасизликдагина майдонга туширилиши мумкин.

Пикфорд мана шу турнирда ўзини кўрсатиб олмаса, тобора Де Хеани захирага ўтказаётган Ҳендерсон у билан ҳам худди шу ишни амалга оширади.

Ҳимоя чизиғи: Жон Стоунз

Ҳарри Магуайр энг камида гуруҳ босқичи беллашувларини ўтказиб юборади. Бу ҳолда ҳимоядаги энг катта юк Жон Стоунзга тушади. Премьер-лигада унинг Рубен Диаш билан ташкил қилган тандеми катта фойда келтирди. Жуда кўп нашрларнинг талқинига кўра, Англия чемпионатида мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топилган португалиялик ҳимоячининг инерцияси Стоунзга ҳам таъсир этиб, бир неча мавсумлик мазмунсиз ўйинларини унуттириб юборди.

Яхшиликка яхши-ку, лекин Диашсиз ҳам 27 ёшли фулбек клубдаги даражасида ўйнай олармикан?!

Яримҳимоя: Жордан Ҳендерсон

Ҳендо мана бир неча йилдирки, Англия миллий жамоасидаги асосий футболчилардан бири ҳисобланади. Жордан майдон марказида яккакурашларда ғолиб чиқиш бўйича бутун дунёдаги энг кучли футболчилардан бири. Шунингдек, унда рақиб қарши ҳужумларини ўз вақтида тўхтатиш бўйича улкан кўникма мавжуд. «Уч шерлар» яримҳимоясида таркибдаги ўрни у каби кафолатланган футболчини топа олмайсиз.

Бироқ, мавсумнинг катта қисмини жароҳат сабаб ўтказиб юборгани унинг ўйинига таъсир кўрсатиши мумкин. Шифокорлар унинг Европа чемпионатигача тўлиқ соғайишга улгурмаслигини айтишган эди. У бугун Саутгейт ишонган футболчилар қаторида бор. Аммо баъзи вазиятларда ўзини эҳтиёт қилмаса, келгуси босқичдаги муҳим ўйинларда иштирок эта олмаслиги мумкин.

Ҳужум: Ҳарри Кейн

Кейн – Англияга рақиблик қилувчи жамоалар учун жиддий бош оғриғи. Унинг сермаҳсуллиги йилдан йилга ошиб бормоқда. Қитъа биринчилигидан сўнг, катта эҳтимол билан бошқа жамоага ўтадиган инглиз форварди Премьер-лигада якунланган мавсумда энг яхши тўпурар ва энг яхши ассистент унвонларини ўзиники қилди (23та гол, 14та ассист). Бошқа чемпионатларда бу каби ҳолатлар табиий бир ҳолдек қабул қилиниши мумкин. Аммо АПЛ умуман бошқача дунё. Бу ердаги сермаҳсулликнинг салмоғи қолганларникидан бир бош баланд туради.

«Тоттенҳэм»га содиқлигини намойиш этиб бўлган Кейн энди совринлар ютишни хоҳламоқда. Бугун у 27 ёшда. Яна бир неча мавсум «шпорлар» билан титул ютишни кутиб, якунда ҳеч нарсасиз қолиб кетса, фаолиятини афсус билан эсга олиши мумкин. Евро-2020да ҳам ҳужумчи бор имкониятини ишга солиб, бош совринга жамоасини етаклашга ҳаракат қилади. Яна бир мусобақа осонликча бой берилган тақдирда, инглиз матбуоти «уч шерлар»ни танқидлар ёмғири остида қолдириши тайин ва бундан Ҳарридек футболчи ҳам бенасиб қолмайди.

Мураббий ва унинг тактикаси

Гарет Саутгейт 2016 йилда жуда қисқа вақт миллий жамоани бошқарган Сэм Эллердайснинг ўрнини эгаллади. Бунгача у «Мидлсбро» ва Англия ёшлар жамоасидаги фаолияти билан танилган эди. Тан олиш лозимки, у инглизлар мураббийлигига келгач, жамоанинг натижалари яхши тарафга ўзгарди. Уни «олтин авлод» устига келиб қолган ўртамиёна мураббий, деб атовчилар жуда кўпчиликни ташкил қилади. Аммо 50 ёшли мутахассис Миллатлар лигасида Гринвуд ва Фоден билан бўлган воқеада қанчалик қатъиятли ва жамоасида катта ўринга эгалигини исботлаб қўйди. Ўз навбатида, ёшлар жамоасида ишлаш кўникмаси сабаб миллий жамоадаги янги иқтидорлар билан ишлашда қийинчиликка учрамаяпти.

Бугун Англия миллий жамоаси ўйинини кузатиш анча мароқли. Ўтган йилнинг кузида бўлиб ўтган Миллатлар лигаси гуруҳ босқичи ҳам бунга ёрқин мисол бўла олади. Ҳа, гуруҳда Бельгияга имконият бой берилди. Бироқ, ҳеч бир учрашувда Саутгейтнинг шогирдлари рақибга бўйин эгмади.

Жаҳон чемпионатидаги узоқ йиллик «қора» анъанага барҳам берган мураббийга бугун ишонувчилар кўп. Аммо чемпионлик унвонларининг йўқлиги сабабли, ҳамон уни танқидлар остида ушлаб туришади. Европа чемпионатидаги муваффақиятсизлик унинг ишдан кетишига сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Саутгейтнинг қандай тактика билан мусобақада иштирок этишини тахмин қилиш бироз мушкул. Жаҳон чемпионатида 3та ҳимоячи билан ўйнаб, яхши натижага эришган эди. Аммо сўнгги икки ўртоқлик ўйинида 4-3-3 тактик схемасидан фойдаланмоқда. Магуайрнинг жароҳати сабаб ҳам у мана шу тактикага мурожаат этишга мажбур бўлиши мумкин. Унинг ўрнига «Астон Вилла» ҳимоячиси Тайрон Мингс ўйнаши кутиляпти. Жисмоний имкониятлар жиҳатидан у ҳам Ҳаррига ўхшаб кетади. Лекин «МЮ» етакчисида ўйин интеллекти бирмунча устунроқ эди.

Ҳимоядаги муаммоларни бартараф этиш учун яримҳимоячилар ҳам ёрдамга келади. Деклан Райс ва Жордан Ҳендерсон бу борада яхши тажрибага эга. Жек Грилиш ҳам Бирмингем клубида бутун майдон бўйлаб ҳаракат қилади.

Кейн алмаштириб бўлмас марказий ҳужумчи. Қанотларда унга Мэйсон Маунт ва Раҳим Стерлинг ёрдам беради. Улардан бири сафдан чиққан тақдирда, Фил Фоден ва Жейдон Санчо таркибни кучайтира олади.

Рақамлар

Англия саралаш босқичини биргина мағлубият билан якунлади. Қолган барча ўйинларда инглизлар фақат ғалабага эришган. Яхши шаклланиб бораётган таркибга эга бўлган Чехия уларни мағлуб этган ягона жамоа бўлди. Буни қарангки, гуруҳ босқичида ҳам «уч шерлар» Чехия билан кураш олиб боради. Бир томондан, реванш олиш имконияти сифатида улар бундан хурсанд бўлиши мумкин. Бошқа томондан, хавфли рақибга қарши ўйнаш бир давралик гуруҳ босқичида анча машаққатли бўлиши мумкин. Сабаби, улардан ташқари гуруҳ ғолиблиги учун Хорватия ҳам кураш олиб боради.

Саралаш циклида инглизлар 37 маротаба рақиблари дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлди. Жавоб тариқасида ўз дарвозасидан умумий 8 та гол олиб чиқди.

Миллатлар Лигасининг иккинчи мавсуми Саутгейт шогирдлари учун омадсиз кечди. Жамоа ҳатто Даниядан ортда, 3-ўринда турнирни якунлади. Демакки, улардан аниқ бир натижани кутиш мушкул. Кайфияти яхши бўлса, инглизлар чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири. Акс ҳолда плей-оффнинг илк раундлариданоқ уларни уйларига кузатиб қўйиш ҳеч гап эмас.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Мавзу
Евро-2020
Пандемия туфайли кечиктирилган футбол бўйича Европа чемпионати 11 июнь куни бошланади. Турнир илк марта бутун Европа бўйлаб 11 шаҳардаги стадионларда ўтказилади.
Барчаси
Top