Жаҳон | 18:38 / 06.07.2021
8490
2 дақиқада ўқилади

Рамзон Қодиров Чеченистон раҳбари лавозимига ўз номзодини илгари сурди 

Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров республика раҳбари лавозимига ўз номзодини расман илгари сурди. У республика раҳбари сайловларида «Ягона Россия» партиясининг ҳудудий бўлими вакили сифатида қатнашади.

Фото: Getty Images

Чеченистон раҳбари лавозимига номзодларни илгари суриш муддати 8 июлда якунланади. Номзодлар рўйхатдан ўтиш учун 4 августгача республика сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни топширишлари керак бўлади. 

23 июнда Россия президенти Владимир Путин Қодиров билан видеоанжуман шаклида ўтган ишчи учрашув вақтида унга янги муддатга Чеченистон раҳбари лавозими сайловларида иштирок этишни таклиф қилган. Қодиров бунга жавобан Путиннинг «содиқ аскари экани ва унинг ҳар қандай буйруғини бажаришга тайёрлигини» айтган.

Чеченистон раҳбари сайловлари 2021 йил 19 сентябрда бўлиб ўтади.

44 ёшли Рамзон Қодиров Чеченистонга 2007 йилдан бери раҳбарлик қилиб келади. У республика раҳбари лавозимига 2016 йил сентябрда ўтган охирги сайловларда 97,56 фоиз овоз тўплаган. Бу кўрсаткич 2000 йилдан бери Россия регионлари раҳбарлари сайловларида тўпланган овозлар бўйича рекорд ҳисобланади.

Бундан ташқари, Чеченистон раҳбари айни вақтда Россия регионлари раҳбарлари орасида ўз лавозимини энг узоқ вақт эгаллаб келаётган сиёсатчи ҳисобланади.

 

Мавзуга оид