Жаҳон | 03:09 / 12.07.2021
9301
2 дақиқада ўқилади

БАА яна иккита давлат билан авиаалоқани тўхтатди

Фото: Reuters

БАА 11 июл соат 11:59дан бошлаб Индонезия ва Афғонистондан авиарейсларни қабул қилишни тўхтатди. Ушбу чекловлар коронавирус тарқалиши билан боғланган бўлиб, ҳам маҳаллий, ҳам хорижий авиакомпаниялар рейсларига тааллуқли бўлади.

БААнинг фуқаро авиацияси бош бошқармаси (GCAA) ва фавқулодда вазиятлар, табиий офатлар бўйича миллий бошқармасининг маълум қилишича, юқорида тилга олинган икки давлатда охирги 14 кун ичида бўлган йўловчилар ҳам БААга киритилмайди.

Ушбу давлатлардан транзит ва юк рейслари одатдаги жадвал бўйича амалга оширилаверади. Шу билан бирга, БАА фуқаролари ва уларнинг яқин қариндошлари, дипломатлар ва расмий делегациялар аъзолари, бизнесменлар ҳамда амирликларнинг “олтин” ва “кумуш” визалари соҳиблари олдиндан рухсат олган ҳолда БААга сафарларни амалга оширишлари мумкин бўлади.

Ушбу тоифаларга кирувчи йўловчилар самолётга чиқишдан олдин охирги 48 соат ичида топширилган манфий ПЦР-тест тақдим қилишлари ҳамда БААдаги аэропортга келгач яна битта ПЦР-тест топширишлари керак бўлади. Улар, шунингдек, 10 кунлик карантин ўташларига тўғри келади.

Шунингдек, БАА фуқароларига Индонезия ва Афғонистонга учиш тақиқланади. Ушбу тақиқлов қолдириб бўлмайдиган хизмат сафарлари, дипломатик сафарлар, расмий ва илмий делегациялар, бизнес-миссиялар сафарларига тааллуқли бўлмайди.   

Аввалроқ БААда дунёнинг бир қатор давлатларидан, жумладан Либерия, Намибия, Сьерра-Леоне, Конго, Уганда, Замбия, Вьетнам, Покистон, Бангладеш, Непал, Нигерия ва ЖАРдан йўловчи рейсларни қабул қилишга чеклов 21 июлгача узайтирилганди. Бироқ ушбу давлатлардан ва уларга юк рейсларини амалга оширишга рухсат берилади.

Мавзуга оид