15:57 / 15.07.2021
3052

Сурхондарёда ЙПХ ходимига бўйсунмаган ҳайдовчи уни уриб юбориб оғир тан жароҳати етказди

Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида ЙПХ ходимига бўйсунмаган ҳайдовчи уни уриб юбориб оғир тан жароҳати етказган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 12 июль куни соат 17:25ларда Шўрчи туманининг Наврўз маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4К-492 автомобиль йўлининг 2-километрида туманнинг Яккабоғ маҳалласида яшовчи, 1995 йилда туғилган фуқаро Х.Ф. «Нексия» автомашинаси билан ЙПХ ходимини уриб юборган.

Қайд этилишича, Х.Ф. хизмат фаолиятини олиб бораётган вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ отряди 4-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспектори Э.Ф.нинг тўхташ ишорасига амал қилмасдан ўз ҳаракатини давом эттирган ва уни «Нексия»нинг олд қисми билан уриб юборган. Оқибатда, инспектор Э.Ф. «ҳаёт учун хавфли бўлган оғир» тан жароҳати олиб касалхонага ётқизилган.

Таъкидланишича, 12 июль куни Х.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 266-моддаси 1-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Top