Ўзбекистон | 15:37 / 16.07.2021
12612
2 дақиқада ўқилади

Дам олиш кунларида кучли иссиқ бўлиши кутилмаяпти

«Ўзгидромет» дам олиш кунлари Ўзбекистонда қандай об-ҳаво кузатилиши кутилаётганини маълум қилди.

«Ўзгидромет»нинг маълум қилишича, Ўзбекистонда 16 июль куни июль ойининг ўртасидаги қийматлар учун меъёридан паст бўлган ҳаво ҳарорати билан чилла учун хос бўлмаган об-ҳаво кузатилмоқда. Республиканинг марказий ва жануби-шарқий ҳудудлари бўйича кун давомида ҳавонинг ўзгариши сақланиб туради.

Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 30–33 даража, шимолда ва жанубда 36–39 даражагача иссиқ бўлади.

Шанба ва якшанба кунлари салқин ҳаво массаси Ўзбекистон ҳудуди чегарасидан четга чиқади ва ҳаво ҳарорати меъёрий қийматларгача кўтарилади. Ушбу кунларда республиканинг барча ҳудудларида, асосан, кам булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво кундуз кунлари 35–38 даражагача исийди.

Шанба ва якшанба кунлари нафақат Наманган ва Фарғона вилоятларининг тоғли ҳудудларида, шунингдек Қирғизистоннинг тоғли ҳудудларида, Фарғона водийси билан чегарадош қисмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

«Бу маҳаллий ёмғирлар Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларининг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел тошқинлари шаклланишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун «Ўзгидромет» аҳолига ушбу ҳудудларда жойлашган дам олиш масканларига бормасликни қатъий тавсия этади», дея огоҳлантирмоқда синоптиклар.

Мавзуга оид