20:20 / 08.08.2021
9403

Сурхондарёда «Нексия» ҳайдовчиси ухлаб қолиб ЙТҲ содир этди. Бир киши ҳалок бўлди

Сурхондарё вилояти Шеробод туманида «Нексия» ҳайдовчиси бошқарув пайтида ухлаб қолиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Оқибатда бир киши вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун 8 август куни соат 10:30ларда М39 Алмати-Тошкент-Термиз автомобиль йўлининг Шеробод туманидан ўтган 1401-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. 

Шеробод-Термиз йўналишида ҳаракатланиб кетаётган «Нексия» машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб йўл четига чиқиб кетган. Сўнг, аввал йўл четидаги бетон тўсиққа, сўнг симёғочга урилган. Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида «Нексия»да йўловчи сифатида кетаётган шахс оғир тан жароҳатлари олиб воқеа юз берган жойда вафот этган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, ҳайдовчи чарчоқ туфайли машина бошқариб кетаётган пайтида ухлаб қолган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 5 август куни М39 халқаро автомобиль йўлининг Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидан ўтган қисмида «Ласетти» ҳайдовчиси йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Оқибатда, машинада ёнғин келиб чиқиб, унинг ичида бўлган тўрт киши куйиб вафот этганди. Гувоҳларнинг айтишича, мазкур йўл-транспорт ҳодисасига «Ласетти» ҳайдовчисининг бошқарув пайтида ухлаб қолгани сабаб бўлган. Вилоят ИИБ куйиб кетган тўрт кишининг 2 нафари ёш болалар эканини маълум қилган.

Top