Ўзбекистон | 16:08 / 20.09.2021
6974
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 6 ойда деярли 20 минг оила ажрашган

2021 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда деярли 20 минг оила ажрашган. Ажралишларнинг ҳар бештадан биттасига эр ёки хотиннинг қариндошлари сабаб бўлмоқда.

 Бугун, 20 сентябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда Маҳалла ва оила илмий-тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева оилавий ажримларнинг сабаб-оқибатлари, ажримларни камайтириш борасида қилинаётган ишлар хусусида сўз юритди.

“2021 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда деярли 20 минг оила ажрашган. Маҳалла ва оила илмий-тадқиқот институти томонидан вилоятлар, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб оилавий ажримлар бўйича сўровнома ўтказилди. Унда респондентлар жавобларидан қуйидагилар маълум бўлди:

Ажралишларнинг ҳар бештадан биттасига эр ёки хотиннинг қариндошлари сабаб бўлмоқда. Оилавий ажралишларнинг энг кўп учрайдиган сабаблари — эр ва хотин ўртасида доимий маиший-психологик даражадаги келишмовчиликлар, ўзаро меҳр-оқибатнинг йўқлиги (30,2 фоиз), эр-хотин оила аъзоларининг доимий аралашуви, улар билан келишмовчилик (21,2 фоиз), оилавий хиёнат (17,1 фоиз) ҳисобланади. Сўнгги икки йилда оилавий хиёнат туфайли ажрашишлар икки баробарга ошган.

2020 йил январь-июнь ойларига нисбатан 2021 йилнинг шу ойларида ажралишлар сони 50 фоизга ошган. Лекин бу мутлақ ўсиш кўрсаткич реал ҳолатни белгиламайди. Умумий ўсишдаги реал ўсишни баҳолашда умумий никоҳ кўрсаткичи ўсишини ҳисобга олиш зарур. Республикада 2020 йил январь-июнь ойларида 75 мингта никоҳ қайд этилган бўлса, 2021 йил шу даврида 118 мингтани ташкил этган.

Ажралишлар сабаблари орасида оилада аёлларнинг ҳуқуқларини чеклаш, уларга нисбатан зўравонлик сақланиб қолаётган бўлса-да, бироқ ушбу вазият олдинги йилларга нисбатан камайганини кўришимиз мумкин”, деди Нодира Эгамбердиева.

Қўшимча қилинишича, сўровномада қатнашган ажрашган аёлларнинг 59,2 фоизи алимент ундиришда масъул ташкилотларга юборилган мурожаатлардан амалий натижа бўлмаганини таъкидлашган. Ушбу ҳолат алимент ундириш механизми мукаммал эмаслиги, бу бўйича мониторинг зарур даражада юритилмаслигидан далолат беради.

Мавзуга оид