Саакашвили Тбилисига қайтишини эълон қилди
Грузиянинг собиқ президенти, ҳозирда Украинада қолаётган Михаил Саакашвили 2 октябрга Тбилисига авиачипта сотиб олганини маълум қилди. Ушбу кун Грузияда маҳаллий ҳокимият органларига сайловлар бўлиб ўтади.
Саакашвили бу ҳақда Facebook’даги обуначиларига мурожаатида маълум қилган ва электрон авиачипта суратини илова қилган. Унинг таъкидлашича, “Грузияни қутқариш, омон қолиш масаласи ҳал қилинмоқда ва бу уни Киевдан Тбилисига 2 октябрга авиачипта олишга ундаган”.
“Мен буни ўзим учун қилмаяпман, менда ҳеч қандай шахсий амбициялар ёки бирор лавозимни эгаллаш истаги йўқ. Мен ҳақиқатан ҳам бу учун курашишни истамайман, бироқ фарзандларимизнинг келажаги бўлиши учун курашаман”, деб айтган собиқ президент.
“Сайлов участкалари ёпилгандан кейин эришган ғалабамизни ҳимоя қилиш учун ҳаммамиз шаҳарлар ва қишлоқлар кўчаларига чиқишимиз лозим. Мен бу жараёндан четда қололмайман. 2 октябрь кечки вақт Тбилисида бўламан”, деб ёзган Саакашвили.
Авиачипта суратидан Саакашвили ва унинг онаси Гиули Аласания Киевнинг Бориспол аэропортидан соат 19.20да учиб кетишини билиш мумкин.
Аввалроқ Грузиянинг амалдаги раҳбарияти вакиллари Саакашвили Грузияга қайтиши биланоқ ҳибсга олиниши ва турмага етказилишини айтишган. Собиқ президент ватанида бир нечта жиноий ишлар бўйича айбланмоқда ва улардан иккитаси бўйича ҳаттоки сиртдан жазоланган. Охирги бир неча йил давомида Саакашвили бир неча марта ватанига қайтишга ваъда берган, бироқ ўз сўзининг устидан чиқмаган.
Саакашвили Грузияга 2008–2013 йиллар давомида раҳбарлик қилган. У 2013 йилги сайловларда мағлубиятга учрагандан кейин мамлакатни тарк этган. Саакашвили 6 йилдан бери Украина фуқароси ҳисобланади ва ҳозирда Украинанинг миллий ислоҳотлар кенгаши ижроия қўмитаси раҳбари лавозимини эгалламоқда.
Аввалроқ Грузияда сайловлар олдидан Саакашвили тасвирланган “қонли” баннерлар пайдо бўлгани маълум қилинганди.
Мавзуга оид
07:51 / 07.12.2024
Тбилисида махсус кучлар намойишчиларни сув пуркагичлар билан тарқатиб юборди
07:51 / 30.11.2024
Тбилисидаги намойишчилар баррикадада қолмоқда
07:51 / 29.11.2024
Тбилисида намойишчилар хавфсизлик кучлари билан тўқнашди
21:03 / 25.11.2024