Ўзбекистон | 21:07 / 03.10.2021
19208
2 дақиқада ўқилади

Андижон халқаро аэропортида қидирувдаги шахс қўлга олинган

Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш жиноятини содир этгани учун қидирувга берилган шахс Андижон халқаро аэропортида ушланган.

Наманган вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, қидирувдаги шахс 2021 йилнинг 28 сентябр куни ўтказилган “Қидирув” тадбири давомида қўлга тушган. У Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми (167-модда. Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 228-моддаси 2- ва 3-қисмлари (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб, қидирувга берилган.

Расмий хабарда қўлга олинган шахснинг 1975 йилда туғилгани, Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида яшагани қайд этилади. Бироқ вилоят ИИБ хабарида гумонланувчининг жинсига, қачондан буён қидирувда эканлигига ойдинлик киритилмаган. Шунингдек, Учқўрғон туман ИИБ ЖҚБ тезкор вакили томонидан қўлга олинган ушбу шахс Андижон халқаро аэропортида нима қилаётгани, қайси давлатга учиб кетишга ҳаракат қилгани, ёнидан нималар топилгани ҳам очиқ қолган. Ҳолбуки, очиқлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабига кўра расмий релизларда бу каби саволлар туғилишига имкон қолдирилмаслиги керак.

Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида ҳуқуқбузарлик содир этиб, яшириниб юргани учун қидирув эълон қилинган шахсларнинг рўйхати келтирилган. 2021 йил 3 октябрь ҳолатига кўра, ИИВ расмий сайтида қидирув эълон қилинган шахслар сони 3450 нафарни ташкил қилмоқда. Андижон халқаро аэропортида қўлга олинган шахснинг исм-шарифи очиқланмагани ва туғилган санаси тўлиқ кўрсатилмагани учун у қачондан бери қидирувда эканини ИИВ расмий сайтидан аниқлашнинг имкони бўлмади.

Аввалроқ қарийб 6 йилдан бери қидирувда бўлган бухоролик шахс Москва вилоятидан топилган, 1999 йилда Тошкентда уюштирилган қўпорувчилик ҳаракатларида қатнашган ва 23 йил давомида қидирувда бўлган шахс хорижда ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинган, Сурхондарёда ўғрилик жиноятини содир этиб қочиб юрган шахс қўлга олинган эди.

Мавзуга оид