19:15 / 10.10.2021
39411

Замонавий қуллик ва ижтимоий тенгсизликдан қочганлар ҳақида драма – Squid game нега бунча машҳур бўлиб кетди?

Бу драма Netflix платформасига жойлаштирилганига ҳеч қанча бўлмасдан мисли кўрилмаган даражада машҳур бўлиб кетди. Сериал ҳозир 90дан ошиқ давлатда биринчи рақамли бўлиб турибди.

17 сентябрда Netflix платформасига жойлаштирилган Жанубий Кореянинг Squid game (“Кальмар ўйини”) драмаси 2 кунда платформанинг топ 10таликдаги киносига айланди.

Фото: Netflix

Тўққиз қисмдан иборат кино ҳозир 90дан ошиқ давлатда хитга айланган. Ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиняпти, бутун дунё кино ҳақида гапиряпти.

TikTok’да #SquidGame ҳештеги остидаги постлар 22,8 млрд марта кўрилган. Ҳар хил мемлар ясаляпти. Кинонинг ўзи Netflix’га жойланганидан сўнг кейинги ой – октябрь келиб улгурмасдан “инглиз тилида бўлмаган дунёда энг кўп томоша қилинган шоу” даражасига чиқиб улгурди. Netflix кинони 37 тилдаги субтитр ва 34 тилдаги дубляжини ҳам тақдим қилган, бу ҳам драманинг кўпроқ кўрилиши ва оммалашишига сабаб бўлмоқда.

Squid game. Кино нима ҳақида?

9 қисмдан иборат кино бош қаҳрамон Ги Ҳуннинг ҳаёти ҳақидаги тасвирлар билан бошланади. У кекса онасига эътиборсиз, 10 ёшли қизи эса ажрашган хотини билан яшайди, баъзида онасининг пулини ўғирлаб қимор ўйнаб туради. Ги Ҳун – жамиятнинг энг қуйи вакилларидан бири. У ўзига ўхшаган жами 456 киши қаторида сирли ўйинга таклиф қилинади. Ютуқ 45,6 млрд вон – 38 млн доллар. Лекин ўйинда фақат бир киши ғолиб бўлади, ғалаба нафақат бойиб кетиш, балки тирик қолишнинг ҳам ягона шартидир.

Фото: Netflix

Иштирокчилар ўйнаши керак бўлган 6та ўйин ҳам корейс халқ болалар ўйинларидан иборат бўлади. Бироқ юзага келган таҳликали вазият, ҳаёт-мамот жангида иштирокчилар оддий ўйинларнинг шартини бажаришга жуда қийналади.

1-ўйин: “Қизил чироқ, яшил чироқ”

Халқ ўйини ҳисобланган бу ўйинда иштирокчилар улкан робот қўғирчоқ куйлаганда ҳаракатланиш, қўшиқ тўхтаганда қимир этмаслиги керак. Қўшиқ айтилмаётган пайтда ҳаракатланиб қўйган иштирокчи отиб ташланади.

Фото: Netflix

Ўйин даҳшатини ҳис қилиб улгурган ва 1-шартда тирик қолган иштирокчилар ўйинни тўхтатишни, ўзларини қўйиб юборишларини қаттиқ талаб қилади. Бироқ уларга 38 млн долларлик ютуқ пули кўрсатилгач, иккиланишлар пайдо бўлади. Сабаби иштирокчиларнинг ҳаммаси иложсиз, кимдир қарзга ботган, кимдир оиласи учун пул ишлаши керак, ишсиз, чорасиз эди. Шундай бўлса-да, кўпчилик овоз билан ўйинни тўхтатишга келишиб олиниб, иштирокчилар қўйиб юборилади. Бироқ ўйинчиларнинг асосий қисми яна ўйинни давом эттириш учун қайтиб келади ва навбатдаги даҳшатли, лекин оддий болалар ўйинларида қатнашади.

2-ўйин: “Далгона машаққати”

Фото: Netflix

Бу шартда иштирокчиларга корейсларнинг эритилган шакар ва истеъмол содаси қўшиб пиширилган ширинлиги берилади. Улар печенье ичидаги шаклни синдириб қўймасдан олишлари керак эди, уддасидан чиқа олмасдан шаклни синдириб қўйганлар отиб ташланади.

3-ўйин: “Жулдариги – арқон тортиш”

Иштирокчилар 10 кишилик жамоаларга бўлиниб бир-бири билан арқон тортишади, ғолиб жамоалар аъзолари тирик қолади. Айни шу шартда иштирокчилар ўртасида бир-бирига нисбатан бироз ишонч пайдо бўлади. Жулдариги ҳам корейс фольклорининг асосий дурдоналаридан бири ҳисобланади.

4-ўйин: Тошлар ўйини

4-ўйинда иштирокчилар тошлар билан ўйнайди. Ҳар бир иштирокчига тошлар берилади ва улар жуфтларга бўлинган ҳолда бир-бири яширган тошларни топиш орқали шеригидаги ҳамма тошларни қўлга киритишлари керак бўлади. Тоши қолмаган иштирокчи отиб ташланади. Бу ўйин ҳам Жанубий Кореяда ўйнаб келинади.

Бу шарт учун ҳамма ўзига энг яқин бўлган иштирокчини шерик қилиб танлайди. Лекин шартни эшитгач даҳшатга тушишади, сабаби фақат бир кишигина тирик қолиши мумкин эди, холос. Ўртадаги ишончга эса путур етади, тирик қолиш истагида хиёнат ҳам содир бўлади.

5-ўйин: Шиша йўлакдан ўтиш

Бу ўйинда иштирокчилардан шишалар бўйлаб юриш талаб этилади. Сифатсиз шишага қадам босилса, у синиб кетади, сифатли шишани топа олиш – омон қолиш деганидир.

6-ўйин: Кальмар ўйини – Squid game

Бу ўйин драманинг сарлавҳаси ҳамдир.

Кальмар – (Squid) узун танали, 10та оёқли денгиз ҳайвони ҳисобланади.

Кальмар ўйини Кореяда болалар томонидан ўйналади. Унда калмар шакли қумли майдонга чизилади ва ҳужумчи, ҳимоячиларга бўлинади. Фильм директори Ҳванг Донг Ҳюк матбуот анжуманларидан бирида болалигида бу ўйинни кўп ўйнаганини, унда иштирокчилар ўта ҳужумкор бўлиши кераклигини билдирган.

“Бу рамзий ўйин бугунги рақобатбардош замонни англатади. Шунинг учун ҳам у кино сарлавҳаси сифатида танланган”, деган у.

Фильмда бу ўйинга фақат икки иштирокчи: бош қаҳрамон Ги Ҳун ва унинг болаликдаги дўсти Санг Во етиб кела олади.

Ижтимоий юк

Жанубий Кореяда кучайиб бораётган ижтимоий нотенглик бундан олдинроқ шов-шувларга сабаб бўлган “Паразитлар” киносида ҳам акс эттирилганди. Squid game драмаси қаҳрамонлари ҳам “Паразитлар”дагига ўхшаш, улар ҳам корейс жамиятида юзага келаётган ижтимоий нотенгликни акс эттиради. Улар пулсиз, қарзга ботган, ишсиз ёки бошқа муаммоси бор. Иштирокчилар орасида покистонлик мигрант, шимолий кореялик қиз ҳам бор. Ўйинда ташқи дунёдаги нотенгликлардан фарқли равишда иштирокчиларнинг ҳаммасига тенг имконият берилади.

Фото: AFP/Netfliix/Youngku Park

Кинода Кореяда қуйи синф қатламининг иш билан бандлиги муаммоли экани яққол кўринади. Масалан, бош қаҳрамон Ги Ҳун қарзларини қиморда топган пули орқали қопламоқчи бўлади, онасини даволата олмайди. Драма – фоизи ўсиб борадиган қарзлар инсонларни замонавий қулликка тушириб қўйиши мумкинлигини акс эттиради.

Жанубий Кореяда уй хўжаликлари қарзи ташвишланарли тарзда ошган. Тўсатдан ишдан бўшатишлар, оила аъзоларининг касал бўлиб қолиши қарздорликларни янада оширади. Ижтимоий нотенглик эса катта жарликка айланган. Мамлакатда юқори даромад оладиган 20 фоиз аҳоли паст даромадли энг қуйи 20 фоиз аҳолига қараганда 166 марта кўпроқ пул топади.

Пули йўқ одамлар иложсизликдан фоизли қарзлар олади, ўсиб борадиган қарзлар эса уларни иложсизлик ботқоғига итариб юборади. Бундай муаммоли шахслардан ташқари, жамиятда нормал ҳаётга эга бўлиш учун курашаётган муҳожирлар ҳам бор.

Мисли кўрилмаган машҳурлик сабаблари ҳақида тахминлар

Кинода бутун дунё қизиқадиган ўйин-шоуларига хос хусусиятлар акс эттирилади. Бу худди бойлик орттириш учун одамлар қатнашадиган реалити кўрсатувларга ўхшайди.

Сериалдаги мураккаб вазиятларда комедик ҳолатлар ҳам акс этади. Тасвирдаги мураккаб вазият ва унга бутунлай қарама-қарши бўлган қувноқ, романтик мусиқалар ҳам томошабинга ғалати таъсир қилади.

Бундан ташқари, фильм ўта юқори сифатда суратга олинган. Кинони жуда кўп тилда томоша қилиш имконияти ҳам тезлик билан оммалашишга ёрдам беряпти.

Squid game’ни бутун дунё томоша қилаётган бир пайтда Оксфорд луғати ўзига 26та корейс сўзи қўшилганини эълон қилди. Бунга Squid game, “Паразитлар” каби муваффақиятли кинолар муаллифлари бўлган маданият экспортчиларининг ҳиссаси катта.

Squid game эффекти

Squid game унда рол ўйнаган актёрларга ҳам мисли кўрилмаган даражада машҳурлик тақдим этди. Масалан, шимолий кореялик мигрант қиз ролини ижро этган Жунг Ҳо Еоннинг Instagram обуначилари кино Netflix’га жойлаштирилган 17 сентябрда 40 минг бўлган, ҳозир эса актрисани 17,7 млн одам кузатяпти.

Фото: Netflix

Кино фанатлари кўплиги сабаб иштирокчилар кийган оёқ кийим, спортивкалар савдоси ҳам ҳаддан ташқари ошиб кетган. Масалан, оқ слипанларнинг савдоси 7,8 минг фоизга ошган, уларни қидириш ҳажми эса 97 фоизга.

Фото: Netflix/Vans/Divulgação

Балки, бироздан кейин дунёнинг турли бурчакларида худди Squid game драмаси қаҳрамонлари сингари кийиниб олган одамлар пайдо бўлиб қолса ҳам ажаб эмас.

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади

Top