14:38 / 25.10.2021
4036

Суданда бош вазир ҳибсга олинганидан сўнг тиббиёт ходимлари иш ташлаш эълон қилди

Шифокорлар барча касаба уюшмалари ва қаршилик кўрсатиш қўмиталарини “кўчаларга чиқиш, умуммиллий сиёсий иш ташлаш эълон қилиш”га чақирган.

Фото: AP

Судан бош вазири Абдулла Ҳамдук ва ҳукуматнинг бир неча нафар аъзоси ҳибсга олинганидан сўнг мамлакат тиббиёт ходимлари касаба уюшмаси умуммиллий иш ташлаш эълон қилди.

“Биз фуқаролик ҳукумати ва демократияга ўтиш даврини ҳимоя қилишга тўлиқ тайёрлигимизни эълон қиламиз. Биз шошилинч ҳолатлардан ташқари Суданнинг барча шифохоналарида умумий сиёсий иш ташлаш ва барча ҳарбий шифохоналардан тиббиёт ходимлари чиқиб кетишини эълон қиламиз”, – дейилади уюшманинг Facebook саҳифасида.

Бундан ташқари, шифокорлар барча касаба уюшмалари ва қаршилик кўрсатиш қўмиталарини кўчаларга чиқиш, умуммиллий сиёсий иш ташлаш эълон қилишга чақирган.

Душанба куни Судан бош вазири Абдулла Ҳамдук уй қамоғига олинди. Маълумотларга кўра, Ҳамдук ҳукуматидан камида 4 нафар вазир (алоқа, ахборот, саноат ва молия вазирлари), мамлакатдаги ҳукмрон Мустақил кенгаш вакили Муҳаммад ал-Факий ва Хартум губернатори Айман Нимр ҳам ҳибсга олинган.

Ҳарбийлар пойтахт Хартумга кириш йўлларини ва кўприкларни тўсиб қўйишган, шаҳарда интернет ва мобил алоқа ўчириб қўйилган. 

Top