11:46 / 25.10.2021
3381
Суданда бош вазир ва ҳукуматнинг бир неча аъзоси ҳибсга олинди

Судан бош вазири Абдулла Ҳамдукнинг уйи ҳарбийлар томонидан қуршаб олиниб, бош вазирнинг ўзи уй қамоғига олинди. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали хабар берди. 

Фото: Reuters

Маълумотларга кўра, Ҳамдук ҳукуматидан камида 4 нафар вазир (алоқа, ахборот, саноат ва молия вазирлари), мамлакатдаги ҳукмрон Мустақил кенгаш вакили Муҳаммад ал-Факий ва Хартум губернатори Айман Нимр ҳам ҳибсга олинган. Reuters’нинг хабар беришича, ҳибсга олишларни таниқлик белгиси бўлмаган ҳарбий кийимдаги одамлар амалга оширган.

Шунингдек, ҳарбийлар пойтахт Хартумга кириш йўлларини ва кўприкларни тўсиб қўйишган, шаҳарда интернет ва мобил алоқа ўчириб қўйилган.  

Al Arabiya ушбу воқеалар Ҳамдук Мустақил кенгаш раҳбари Абдулфаттоҳ ал-Бурхон билан учрашгандан кейин бошланганини маълум қилди. Ушбу учрашувда бошқа масалалар қаторида Суданга октябр бошида келган АҚШнинг Африка шохи давлатлари бўйича махсус элчиси Жеффри Фелтманнинг таклифи ҳам муҳокама қилинган. АҚШ давлат департаментида таъкидланишича, Фелтман АҚШ Судандаги сиёсий ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини ва мамлакатга Вашингтон томонидан сиёсий ҳамда иқтисодий кўмак кўрсатилиши ўтиш даврида Хартум ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришига боғлиқлигини айтган.   

Телеканалнинг хабар қилишича, ал-Бурхон тез орада мамлакатда юз бераётган воқеалар бўйича баёнот беради.

Суданда 2018 йил декабрда бошланган норозилик намойишларидан кейин 2019 йил апрелда ҳарбий тўнтарув амалга оширилиб, мамлакатни деярли 30 йил бошқарган Умар ал-Башир ўз лавозимидан четлатилганди.

Top