16:03 / 06.11.2021
4563

Ўзбекистонга дастлабки 9 ойда 1,2 млнга яқин хорижлик турист келган

Фото: KUN.UZ

АОКАда Туризм ва спорт вазирлиги расмийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Маълум қилинишича, январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга 1,2 млнга яқин хорижлик турист келган ва уларга 273 млн долларлик туризм хизматлари кўрсатилган.

2021 йилда айрим Ғарбий Европа, Америка ва МДҲ давлатларидан кутилганидан кўпроқ, Япония, Хитой, Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиё (Индонезия, Малайзия, Сингапур, Таиланд, Тайван, Жанубий Корея) давлатлардаги чекловлар сабабли прогноз қилинган кўрсаткичлардан кам миқдорда сайёҳ келган.

Жорий йилнинг январь-март ойларида ўртача ҳар ойда 85 минг нафар хорижлик турист Ўзбекистонга кириб келган бўлса, бу кўрсаткич август ва сентябрь ойларида деярли 190 минг кишига етган.

Йил якунига қадар умумий 1 млн 700 минг нафар турист келиши прогноз қилинмоқда.

Маълумот учун, туристик хизматлар экспортидан тушган даромад 2017 йилда 547 миллион долларни (ЯИМнинг 0,9 фоизи), 2018 йилда 1,04 миллиард долларни (ЯИМнинг 2,1 фоизи), 2019 йилда 1,3 миллиард долларни (ЯИМнинг 2,3 фоизи) ташкил қилган.

2020 йилда эса туристик хизматлар экспортидан тушган даромад 261 миллион долларни ташкил этиб, мамлакатга 1 миллион 504 минг турист ташриф буюрган.

Top