18:21 / 22.11.2021
20686

Миллиардерлар аввал ва ҳозир: Магнатлар ўз ўрнини йўқотмоқда, ақл ғолиб чиқяпти

“Форбс” рейтингларидаги охирги 10 йилликдаги ўзгаришлар инсон капитали қанчалик кучли қадр топа бошлаганини кўрсатади. Бу эса кўпчилик, айниқса ёшларни жиддий фикрлашга ундаши лозим.

Фото: Britta Pedersen / AP

Кимдир Ҳассан-ал Болкиа деган миллиардер-ҳукмдорни эслайдими? Бруней номли нефтга тўла митти давлатнинг бу султони тарих учун бир лаҳза бўлган 20 йилгина олдин миллиардерлар рўйхатида етакчилардан бири, ҳашаматли ҳаёт бўйича шубҳасиз 1-ўринда эди.

Ўша пайтлардаги рейтингларда қазилмалардан улкан бойлик орттирган россиялик олигарх-миллиардерлар ҳам талайгина эди.

“Форбс” рейтинглари нафақат бевосита миллиардерларни, балки билвосита пул, бойликнинг бевафолигини ҳам кўрсатиб беради. Яна бир қизиқарли факт бор – миллиардерлик рамзи бўлган Уоррен Баффет 90 йилда топган бойлигини Илон Маск 9 ойда топган!

Келинг, узоқ тарихга эмас, 10 йил орқага қайтамиз ва кучли ўнлик етакчиларининг бойлиги ҳамда йўналиши билан қизиқамиз:

1.    Карлос Слим Элу (Grupo Carso, телекоммуникация) – 74,0 млрд доллар

2.    Билл Гейтс (Microsoft) – 56,0 млрд

3.    Уоррен Баффет (Berkshire Hathaway) – 50,0 млрд

4.    Бернар Арно (LVMH) – 41,0 млрд

5.    Ларри Эллисон (Oracle) – 39,5 млрд

6.    Лакшми Миттал (металлургия) – 31,1 млрд

7.    Амансио Ортега (тўқимачилик) – 31,0 млрд

8.    Эйке Батиста (тоғ-кон) – 30,0 млрд

9.    Мукеш Амбани (мерос капитали) – 27,0 млрд

10. Кристина Уолтон (Walmart дўконлари) – 26,5 млрд

Билл Гейтс ва Уоррен Баффет / Фото: Getty Images

Мана шу йилларда ўзига хос тарихий ҳолат кузатилган – бу рейтингнинг кўп йиллик ва амалда енгилмас етакчиси ҳисобланган Билл Гейтс иккинчи ўринга тушади ҳамда унинг ўрнини инвестор Карлос Слим эгаллайди. Ҳали дунё Марк Цукерберг, Жеф Безос, Сергей Брин ёки Ларри Пейжни бу рўйхат етакчиси сифатида билмасди. Илон Маск деган инсон ҳақида кўпчиликда тасаввур ҳам йўқ эди.

Маълумот учун: Айни пайтда етакчиликни бой бериб, “камбағаллиги”дан кучли учликда ҳам жон сақлаб қололмаган Билл Гейтс рекорд муддат – 18 йил (1996-2007, 2009-2016 йиллар) миллиардерлар рўйхатини бошқарган. Шундай даврлар бўлганки, “амалда Билл Гейтсдан ўзиш мумкин эмас ва дастлабки триллион доллар ҳам унда бўлади”, деган фикрлар шаклланган.

Ўн йил олдинги рўйхатга эътибор берилса, юксак технологиялар орқали етакчиларга айланган фақат икки миллиардерни кўриш мумкин – Билл Гейтс ва Ларри Эллисон. Кучли ўнликдаги қолган саккиз вакил асосан савдо, табиий бойликлар ва мерос туфайли бойиганлардир.

Бугунги манзара эса бутунлай ўзгача. “Форбс” рейтинг туза бошлаган дастлабки йиллар-ку майли, мана шу 10 йилликнинг ўзи ҳам инсон капитали нақадар кучли қадр топа бошлаганини англатади ва кўпчилик, айниқса ёшлар учун жиддий фикрлашга ундайди.

Демак, миллиардерларнинг шу кунлардаги ўнлиги қуйидагича (шахслар ва рақамларнинг шиддат билан ўзгаришига эътибор беринг):

1.    Илон Маск (Tesla, SpaceX) – 296.2 млрд доллар

2.    Жефф Безос (Amazon) – 210.7 млрд

3.    Бернар Арно (LVMH) – 200.6 млрд

4.    Билл Гейтс (Microsoft) – 139.0 млрд

5.    Ларри Эллисон (Oracle) – 128.2 млрд

6.    Ларри Пейж (Google) – 127.2 млрд

7.    Марк Цукерберг (Facebook) – 123.5 млрд

8.    Сергей Брин (Google) – 122.5 млрд

9.    Стив Баллмер (Microsoft) – 107.7 млрд

10. Уоррен Баффет (Berkshire Hathaway) – 102.1 млрд

Кўринадики, ўнликдаги икки оқсоқол – ҳашамат буюмлари қироли Бернар Арно ва инвестициялар бўйича “қадимги бўри” бўлган Уоррен Баффетдан бошқа барча ўз бойлигини шахсан ўзи, ақли билан ва қисқа муддат ичида топа олган.

Шунингдек, замонавий учликка кириш учун камида 200 млрд, ўнликка кириш учун эса камида 100 млрд доллар зарур. Билл Гейтснинг эса нафақат етакчи бўлиши, балки кучли учликка кириши ҳам энди даргумон.

2011 йилда рўйхатни шараф билан бошқарган Карлос Слим Элу бугун 16-ўринда. Русларнинг дастлабки вакили – Алексей Мордашов эса фақат 45-ўриндагина қайд этилган.

Марк Цукерберг Facebook компанияси номи Meta деб ўзгартирилганини эълон қилмоқда (скриншот)

2007 йилда, 23 ёшидаёқ энг ёш миллиардер мақомини олган, 2020 йилда эса 100 млрд долларлик маррани забт этиб, кучли бешликка кира олган ва бугунги кунда ҳам ўнликдаги ўрнини мустаҳкам сақлаб келаётган Марк Цукерберг феномени эса алоҳида эътиборга молик.

Илон Маск / Фото: Patrick T. Fallon/Bloomberg

Лекин бу қизиқарли фактларнинг ҳеч бири Илон Маскнинг ҳар қандай рейтингларни ағдар-тўнтар қилиб ташлаганичалик қизиқарли эмас.

2018 йилда ҳатто кучли ўнликда ҳам бўлмаган Tesla асосчиси шиддат билан юқорилай бошлади ва 2020 йилнинг охирига келибоқ етакчилар сафига қўшилди. 2021 йилнинг бошида, 7 январь куни унинг бойлиги 185 млрд долларга етди ва рейтингни бошқариб келаётган Жефф Безосни тахтдан ағдариб, етакчиликни эгаллади.

Бунга асосий сабаб сифатида Tesla акцияларининг қиймати бир йил ичида минг фоиздан ҳам ортиқроққа кўтарилиб кетиши бўлганди. Аммо бу ҳам ҳаммаси эмасди, 2021 йилнинг 1 ноябр кунига келиб Илон Маск бойлиги 300 млрд доллардан ортган илк инсонга айланди.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Top