Ўзбекистон | 07:50 / 07.02.2022
7167
2 дақиқада ўқилади

Гидротехника иншоотлари хавфсизлиги тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Фото: LiveJournal

“Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, ҳозирги кунда мавжуд сув хўжалиги объектларининг техник ҳолати назорат ва хавфсизликни таъминлаш ҳамда гидротехника иншоотларини ўз вақтида таъмирлаш ва тиклашни талаб қилади. 

Шунингдек, охирги йилларда Арнасой, Резаксой, Чортоқ, Жийдалисой, Сардоба, Марказий Фарғона, шунингдек, кўплаб сел-сув омборлари, гидроэлектрстанциялар ва бошқа йирик ирригация ва мелиорация объектлари қурилди ва реконструкция қилинди.

Бугунги кунда сув хўжалиги тизимида жами 69 та сув омбори ва сел-сув омбори, 1687 та насос станция, 28440 км ирригация тизими каналлари мавжуд бўлиб, уларнинг аксарият қисми фойдаланиш муддати 40-50 йилдан ортиб, техник ҳолати ва хавфсизлик даражаси йилдан йилга пасайиб бормоқда. 

Қонун лойиҳасининг мазмуни гидротехника иншоотлари хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, соҳадаги давлат назорати тизимини аниқ белгилаш ҳамда ушбу йўналишдаги тартиб-тамойилларни такомиллаштиришга қаратилган.

Қонун лойиҳасида уни қўллаш соҳаси, гидротехника иншоотлари хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсати асосий йўналишлари белгиланмоқда ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий ҳокимият органларининг ваколатлари кенгайтирилмоқда. Махсус ваколатли давлат органининг гидротехника иншоотлари хавфсизлигига оид фаолият соҳасидаги асосий ваколатлари белгилаб берилмоқда ва вазифалари кенгайтирилмоқда.

Қонун лойиҳасида гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш юзасидан лойиҳачи, буюртмачи ва пудратчи ташкилотларнинг мажбуриятлари, шунингдек, гидротехника иншоотида содир бўлган авария натижасида етказилган зарарни қоплаш каби янги моддалар киритилмоқда.

Билдирилишича, қонун қабул қилиниши сув хўжалиги объектларининг техник ҳолати ва хавфсизлигини ўз вақтида таъминлаш, гидротехника иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш, фойдаланишга топшириш, улардан самарали фойдаланиш ва реконструкция қилиш, тиклаш, консервациялаш, тугатишда хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.

Мавзуга оид