22:29 / 04.04.2022
4427

ИИВ тизимида йўл инфратузилмасига масъул жамғарма ташкил этилмоқда

“Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” жамғармаси маблағлари йўл ҳаракатини ташкил этиш соҳасида ундириладиган айрим жарима, олинадиган йиғим ва тўловлар, эксплуатация-монтаж бўлинмалари учун ҳар йили бюджет параметрларида кўзда тутиладиган маблағлардан шакллантирилади. Ҳокимликларнинг махсус эксплуатация-монтаж бўлинмалари ЙҲХБларга ўтказилади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда ИИВ ЙҲХХ ҳузурида “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси ташкил этилмоқда. Бу президент Шавкат Мирзиёев томонидан 4 апрел куни имзоланган қарорда кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” жамғармасининг маблағларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • йўл ҳаракатини ташкил этиш соҳасида ундириладиган айрим жарима, олинадиган йиғим ва тўловлар;
  • эксплуатация-монтаж бўлинмалари учун ҳар йили бюджет параметрларида дастурлар асосида кўзда тутиладиган маблағлар;
  • жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларига депозит ҳисобрақамларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
  • давлат, хорижий ва халқаро ташкилотлар томонидан ажратиладиган грантлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик ва хайрия тарзидаги маблағлари;
  • халқаро молиявий институтлар ва банклар томонидан ажратиладиган кредитлар;
  • қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағлари қуйидагиларга сарфланади:

  • йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситалари, уларнинг эҳтиёт қисмлари, ўрнатиш учун белгиланган конструкция ва қурилиш материаллари ҳамда махсус бўёқларини харид қилиш;
  • шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларида йўл чизиқларини чизиш, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ўрнатиш, алмаштириш, сақлаш, демонтаж қилиш ва уларга техник хизмат кўрсатишни молиялаштириш;
  • эксплуатация-монтаж бўлинмаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан замонавий махсус техника воситалари билан таъминлаш, уларнинг ходимлари учун ҳар ойлик ва бир марталик рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
  • йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш йўналишидаги лойиҳаларни молиялаштириш;
  • мактабгача таълим ҳамда халқ таълими вазирликларига қарашли мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим муассасаларининг тарбияланувчи ва ўқувчиларида йўл ҳаракати қоидалари бўйича бошланғич билимларни шакллантиришга қаратилган моддий-техник ва ўқув базасини яратиш, шунингдек, маҳаллаларда болаларга йўл ҳаракати қоидаларини амалий ўргатиш майдончаларига йўл белгиларини ўрнатиш ва йўл чизиқларини чизиш чора-тадбирларини молиялаштириш.

Қарорга биноан, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тузилмасида Йўл инфратузилмасини назорат қилиш бошқармаси, ҳудудий ЙҲХБ тузилмаларида йўл инфратузилмасини назорат қилиш бўлимлари тузилади. Бу бошқарма ва бўлимлар ички ишлар органларининг чекланган штат бирликлари ҳисобидан ташкил этилади.

“Uzavtomotobelgi” ДУКда йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйиш ва ушбу соҳада рақобат муҳитини шакллантириш вазифаси юклатилди.

Ички ишлар вазирига ЙҲХБларга бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан малакали хорижий мутахассисларни маслаҳатчи сифатида шартнома асосида жалб қилиш ҳуқуқини берилади.

Ҳужжатга биноан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг махсус эксплуатация-монтаж бўлинмалари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (кейинги ўринларда – эксплуатация-монтаж бўлинмалари) икки ой муддатда тегишинча ҳудудий ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари ҳузурига ўтказилади. Бунда:

  • эксплуатация-монтаж бўлинмаларининг бино ва иншоотларини, уларнинг ёндош ҳудудлари, моддий-техника базасини, шу жумладан, янги замонавий махсус техника билан таъминлаган ҳолда топшириш чоралари кўрилади;
  • эксплуатация-монтаж бўлинмаларининг мавжуд кредитор ва дебитор қарзлари тўланиши, маънан эскирган ва яроқсиз ҳолга келган моддий-техника воситалари ҳисобдан чиқарилиши таъминланади.

Ички ишлар вазирлигига қуйидаги вазифалар юклатилди:

  • икки ой муддатда эксплуатация-монтаж бўлинмаларининг фаолиятини тартибга солувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
  • эксплуатация-монтаж бўлинмалари тегишли бино ва иншоотлари, уларнинг ёндош ҳудудлари, зарур моддий-техника базаси билан таъминланган ҳолда қабул қилинишини ташкил этиш;
  • уч ой муддатда эксплуатация-монтаж бўлинмаларининг фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиб, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини тўлиқ ўрнатиш ва уларнинг доимий ишлашини таъминлаш бўйича янгича иш усулларини жорий этиш.

Молия вазирлиги бир ой муддатда Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда эксплуатация-монтаж бўлинмалари бошлиқлари ва уларнинг бир нафар ўринбосари лавозимлари ушбу бўлинмаларнинг мавжуд штат бирликлари ҳисобидан офицерлик таркибидаги ходим лавозимларига ўзгартирилишини таъминлаши лозим.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Автойўл”нинг йўл белгиларини ишлаб чиқишдаги монополияси бекор қилиниши, йўл ҳаракати воситалари соҳасидаги ишларни молиялаштириш учун ЙҲХБ тизимида “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика ва вилоят жамғармалари ташкил этилиши, уларга ҳар йили камида 400 миллиард сўм тушадиган аниқ манбаларга эга бўлиши айтилганди.

Top