Жамият | 18:27 / 15.04.2022
64996
7 дақиқада ўқилади

Тақвимларда ифторлик ва саҳарлик вақтлари турлича бўлса, нима қилиш керак?

Kun.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими билан ҳамкорликда муборак Рамазон ойи, хусусан, рўза тутишга доир энг муҳим саволларга жавоблар тақдим қилмоқда.

Савол: Оғиз очиш, яъни ифторлик вақти – турли тақвимларда турлича кўрсатилган бўлса, қандай йўл тутилади?

Жавоб: Динимиз енгиллик дини ва унинг ҳукмлари ҳаммага тушунарли ва соддадир. Жумладан, динимизда ҳижрий-қамарий ойлар ва ибодат мавсумлари: Рамазон ойининг бошланиши ва тугаши, Ҳаж мавсуми бўлган Зул-ҳижжа ойининг бошланиши кунлари янги ой-ҳилолнинг чиқиши билан, намоз вақтлари эса қуёшнинг чиқиши, тиккадан оғиши ва ботиши билан белгиланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейди: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) ҳилоллар (янги ойлар) ҳақида сўрайдилар. “Улар одамларга (йил ҳисоби) ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир”, деб айтинг” (Бақара сураси 189-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ойнинг тўлиши, камайиши, турли ҳолатда бўлиши ҳақида сўралганда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилиб баён қилдики, ойнинг тўлиши ва камайишидан рўзани бошлаш ва тугатиш, ҳаж мавсумини билиш, аёлларнинг иддаларини ҳисоблаш, қарз олди-бердиларининг муддати келганини аниқлаш мумкин бўлади (Абу Жаъфар Табарий, Тафсири Табарий).

Рамазон рўзаси оғиз ёпиш вақтининг тугаши ва бомдод намози вақти кириши билан бир хил, яъни тонг отиши билан белгиланган бўлса, оғиш очиш вақти ва шом намозининг вақти – қуёш ботиши билан бошланади.

Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз. Сўнгра, рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз!” (Бақара сураси 187-оят).

Ояти каримадаги оқ ипдан мурод тонг, қора ипдан мурод тундир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳарлик вақти ҳақида шундай дейдилар: “Сизларни Билолнинг азони ҳам, мана бундай узунчоқ бўлиб отган тонг ҳам саҳарликдан тўсиб қўймасин. Токи мана бундай кўндаланг бўлмагунича (саҳарлик қилаверинглар). Ровийлардан бири – Ҳаммод қўли билан тонгни кўндаланг бўлиб отишини кўрсатиб ҳадисни ривоят қилди” (Имом Муслим ривоятлари).

Бу ҳадиси шарифдан биламизки, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларида иккита азон айтилган. Бири Билол розияллоҳу анҳу томонидан тонг отишига яқинлашганда одамларни бундан огоҳ қилиш учун. Иккинчиси Абдуллоҳ ибн Умми Мактум томонидан тонг отганда айтилган.

Демак, тонг уфқда кўндаланг бўлиб отиши ҳақиқий тонг отишидир – субҳи содиқ экани ҳақида фиқҳ китобларимизда шундай баён қилинган:

“Мазҳабимиз уламолари айтадилар: “Рўзани вақти – иккинчи тонг (субҳи содиқ-уфққа кўндаланг ёйилган тонг)дан токи қуёш ботгунча (рўзанинг вақти чиққунча)дир. Мазҳабимиз улуғларидан, иккинчи тонг (субҳи содиқ) энди отган пайт эътиборлими ёки кўндаланг бўлиб отиши ва кенг тарқалишими, бу масала ривоят қилинмаган. Уламолар бу борада турлича қарашга эга бўлганлар. Баъзилари тонг отишининг аввалги вақти эътиборли дейишган бўлса, баъзилари тонг кўндаланг бўлиб отиши эътиборли дейишган. Шайх, имом Шамсул-аимма ал-Ҳалвоний роҳимаҳуллоҳ айтдилар: “Аввалги гап эҳтиётроқ, кейинги гап кенгроқ (халққа енгилроқ)” (“Ал-Муҳитул Бурҳоний” китоби).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси чиқараётган тақвим уламоларимиз айтаётган тонг отишининг дастлабки вақтларига, бошқача айтганда эҳтиётга асосланган. Чунки мазкур тақвимдаги саҳарлик вақти тугаганда барча шарт-шароитларга риоя қилиб тонг кузатилса, уфқда кўндаланг ва кенг ёйилган тонгни кўриб бўлмайди. Балки тонгнинг дастлабки кўринишини кузатиш мумкин, холос.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ифтор вақти ҳақида шундай дейдилар: “У (машриқ) томондан тун келса, бу (мағриб) томондан кун чекинса ва қуёш ботса, рўзадор оғиз очади (ифтор қилади) (Муттафақун алайҳ).

Демак, даставвал намоз вақтлари, рўза ва ҳажнинг вақтларини белгилаб берган зот Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. У зотнинг кўрсатмасига кўра саҳобийлар ва кейинги давр мусулмонлари бу ишни давом эттирди. Ҳар бир даврнинг қозикалонлари бу ишни зиммаларига олиб, омма мусулмонларнинг мушкулини осон қилишган. Ҳозирги кунга келиб, мусулмон диёрлардаги Фатво марказлари ва уюшмалари бу масъулиятли ишни амалга ошириб келмоқда. Юртимизда эса ҳижрий-қамарий ойлар ҳисоби, намоз вақтлари ва Рамазон ибодат мавсумлари ҳисобини Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати олиб боради. Тақвимлардаги ҳисоб-китоблар мўътабар диний манбалар, кузатувлар, халқаро Фатво марказлари ва ЎзР ФА Астрономия институти маълумотларига асосланади. Ҳар йили намоз вақтларининг йиллик тақвими ва рамазон учун махсус тақвим чиқариб, халқимизга тақдим қилинмоқда.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ишлаб чиқилган тақвим

Баъзида Рамазон ойида тарқаладиган Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тақвимидан бошқа тақвимларда саҳарлик вақтида бироз тафовут кўринади. Аниқроғи, араб диёрлари ёки бошқа олис юртларнинг тақвимларидан кўчирилган у тақвимларда саҳарлик вақти маҳаллий тақвимларга нисбатан 15-20 дақиқа аввалроқ тугайдиган қилиб белгиланган. Бунга сабаб баъзи давлатлар ер экваторига яқин жойлашганлиги ва Қуёш ҳаракати йўлининг горизонтга деярли тиккалигидир. У тақвимларга амал қилиш рўзани эҳтиёт қилиш бўлса-да, бомдод намозининг вақти кириши аввалроқ белгиланиб қолиши эҳтимолини келтириб чиқаради. Вақтидан аввал ўқилган намоз қабул бўлмайди, бекор бўлади. Шунинг учун араб давлатлари ва бизнинг юртларимизни бу борада бир қолипга солиб бўлмайди.

Юқорида зикр қилинган ояти карима ва ҳадиси шарифлардан маълум бўлдики, саҳарлик ва ифторлик вақтини билиш жуда содда қоидаларга асосланган, уни билиш учун бирор асбоб-ускуна керак бўлмайди. Юртимизда қабул қилинган вақтлар ҳам астрономик кузатишлар ҳам мутахассисларнинг кўз билан кузатишига асосланган. Шунинг учун бизнинг тавсиямиз шуки, юртдошларимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси тақвимини асос қилиб олиб, саҳарлик ва ифторлик вақтларига қатъий риоя қилиши керак. Асло беэътиборлик қилиб, саҳарлик вақтидан ўтказиб юбориш ёки ифторни вақтидан аввал қилиш жоиз эмас.

Ибодатлар борасида эҳтиёт томонини олиш жиҳатидан, фиқҳий манбаларимизда саҳарликни тонг отдими-йўқми, деб шакка тушадиган вақтгача кечиктирмаслик баён қилинган.

Демак, саҳарликни имкони борича тонг ҳақида шубҳага тушадиган вақтгача тақамаслик, балки 10-15 дақиқа эртароқ оғиз ёпиш эҳтиётга яқинроқдир.

Энди бомдод намозида эҳтиёткорлик тонг отиши биланоқ уни ўқиш эмас, балки бироз тонг ёришгач, тонг отгани аниқ бўлганидан кейин ўқиш мустаҳабдир.

Юқоридаги оят ва ҳадиси шарифларга асосланган мазҳабимиз уламолари чиқарган ҳукмларга амал қилсак, ибодатларимиз тўғри ва Аллоҳ таолонинг даргоҳида мақбул бўлади, иншаллоҳ. Валлоҳу аълам.

Мақоладаги диний матнлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тегишли экспертиза хулосаси асосида чоп этилмоқда.

Мавзуга оид