17:38 / 25.05.2022
8289

Миллиардерлар Авен ва Фридман Европа кенгашини судга берди

Апрел охирларида миллиардер Алишер Усмонов Европа кенгаши устидан Европа судига ариза берганди.

Михаил Фридман ва Пётр Авен / Фото: РИА Новости

Брюссел томонидан санкциялар киритилган миллиардерлар Пётр Авен ва Михаил Фридман Европа судига Европа кенгаши устидан даъво аризаси берди

Авен даъво аризасини 23 май куни, Фридман 24 май куни берган.

Авен ва Фридман Украинадаги «махсус ҳарбий операция сабабли» Евроиттифоқ санкциялар рўйхатига киритилганди.

Таъкидланишича, Авен «ҳокимиятдаги алоқалари ортидан даромадга эга бўлган», Фридман эса «Владимир Путин маъмурияти билан мустаҳкам алоқалар ўрнатган».

Апрел охирларида миллиардер Алишер Усмонов Европа кенгаши устидан Европа судига ариза берганди. Унга нисбатан ҳам 28 февралда санкциялар жорий этилганди.

Май ойида ВЭБ.РФ корпорацияси ва унинг раҳбари Игорь Шувалов ана шундай ариза берган. Шунингдек, Европа судида «Магнит» акциядори Александр Винокуров (Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг куёви), бизнесменлар Дмитрий Пумпянский (ТМК ва «Синара» гуруҳи акциядори), Вадим Мошкович (Русагро акциядори), Игорь Кесаев («Меркурий» акциядори) ва Андрей Мельниченко (Еврохим акциядори), Дмитрий Мазепин («Уралхим», «Уралкалий», «Тольяттиазот» эгаларидан бири) аризалари рўйхатга олинган.

Top