Ўзбекистон | 07:41 / 25.05.2022
7981
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди

Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида қурилган, қуввати 100 мегаваттга тенг бўлган йирик қуёш фотоэлектр станцияси 24 май куни Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига қувват узатишни бошлади.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу электр станция йилига 260 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариб, 80 мингдан ортиқ хонадонни электр энергияси билан таъминлайди.

Станция ишга туширилиши натижасида йилига 78 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади ҳамда атмосферага 100 минг тонна зарарли чиқиндилар чиқиши олди олинади. Ушбу ҳажмдаги тежалган газ туфайли республикадаги мавжуд барча аҳоли хонадонларини ўн кун давомида табиий газ билан таъминлаш мумкин.

Умумий қиймати 100 миллион долларига тенг мазкур лойиҳа Франциянинг “Total Eren” компанияси томонидан тўғридан тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширилди.

Станция Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергиясини ишлаб чиқарадиган иккинчи энг йирик қуёш фотоэлектр станцияси ҳисобланиб, айнан ушбу қувватдаги биринчи қуёш фотоэлектр станцияси 2021 йил август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида ишга туширилган эди.

Маълумот учун, 2023 йил якунига қадар Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан қуввати 220 мегаватт бўлган вилоятдаги иккинчи йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилади.

Мавзуга оид