21:22 / 26.05.2022
6556

Молдова собиқ президенти 30 кунлик уй қамоғига ҳукм қилинди

Прокуратура суд қарорига нисбатан шикоят киритишини билдирди. 

Фото: AP

Кишинёв шаҳри Чокан сектори суди прокуратура сўровини қисман қаноатлантириб, Молдова собиқ президенти Игор Додонни 30 кунлик уй қамоғига ҳукм қилди.

"Суд прокурорлар сўровини қисман қаноатлантиради, Игор Додонга нисбатан 30 кунлик уй қамоғи кўринишидаги дастлабки чора қўлланилсин", - дейилади суд ҳукмида.

Прокурор Петру Ярмолюк айблов томони суд қарорига нисбатан шикоят киритишини айтди.

"Биз унинг 30 кунга ҳибсга олинишини сўрагандик. Суд прокуратура сўровини қисман қаноатлантирди, биз бу қарорга нисбатан шикоят киритамиз", - деди Ярмолюк.

Додон пассив коррупция, ноқонуний бойлик орттириш, партияни жиноий ташкилот томонидан молиялаштириш ва давлатга хиёнат қилишда гумонланиб 24 май куни аксилкоррупция прокуратураси ходимлари томонидан 72 соатга ҳибсга олинганди.

Игор Додон 2016 йил декабридан 2020 йил декабрига қадар Молдова президенти бўлган. У Россия билан яқиндан ҳамкорлик қилишга интилган ва россияликлар президенти Владимир Путин билан бир неча бор учрашган.

Top