Ўзбекистон | 07:41 / 16.06.2022
5708
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда электр тармоқлари корхонасининг сохта ходимлари ушланди

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида электр тармоқлари корхонаси сохта ходимлари ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, ўзларини Юнусобод тумани ЭТК ходимлари деб таништирган М.Ю. ва Д.К. Юнусобод тумани 4-мавзе 54-уйдаги хонадон электр ҳисоблагичи (тамғалари бузилмаган) гўёки нотўғри уланганини рўкач қилишиб ва шу бўйича тармоқдан узиш ҳақида тузилган далолатномани рўйхатдан ўтказмаслик эвазига хонадон эгаси А.дан 200 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, ўтказилган терговга қадар текширувда Юнусобод тумани ЭТК АСКУЭ ходими Х.М. фуқаро М.Ю.га 22-сонли сохта гувоҳномани ясаб бергани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодекси 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид