19:43 / 25.06.2022
25017

Метан-баллонли енгил машиналарни жарима майдонига жойлаштириш бўйича ҳеч қандай кўрсатма берилмаган — ИИВ

Интернетда сиқилган табиий газ (метан) қуйилган баллон билан жиҳозланган машиналар жарима майдонига қўйилаётгани ҳақида видео тарқалди. ИИВ бу асоссиз эканини маълум қилди. ISUZU русумли юк автомобилларига Италия компанияси ўрнатган газ-баллонлар портлаши бир неча марта қайд этилган – бошланган текширувлар шу билан боғлиқ.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

25 июн куни Telegram каналларда сиқилган табиий газ (метан) қуйилган баллон билан жиҳозланган машиналар жарима майдонига қўйилаётгани ҳақида видео тарқалди.

“Ўртоқлар, кеча чиққан қарорга кўра, машиналарга ўрнатилган, рақами “F1”дан бошланган газ баллонларини талабга жавоб бермайди деб топишибди. Энг кўпи бизнинг Зангиота районидан чиқибди. Эртадан бошлаб шунақа газ баллонли машиналарнинг ҳаммасини “штрафной”га тиқишаркан. Эҳтиётларингни қилиб, газ баллонларингга қараб қўйинглар”, дейилади видеода.

Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида ИИВ ЖХД ЙҲХХ Техника назорати бўлими бошлиғи Иброҳим Абдураимов билан боғланди. Унинг айтишича, ISUZU MPR82L русумидаги транспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонлари текширувдан ўтказилмоқда.

“Сўнгги икки кунда бир хил маркадаги, яъни Самарқанд вилоятида ишлаб чиқарилган ISUZU MPR82L русумидаги транспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонлари портлаб кетаётгани кузатиляпти. Ушбу автомобилларга Италиянинг FABER фирмасида ишлаб чиқарилган газ баллонлар қўйилгани аниқланди. Ўрганишлар давомида ушбу газ баллонларнинг тахминан 50–60 фоизи сифатсиз чиқаётгани маълум бўлди.

Шу сабабли ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан бизга худди шундай газ баллонлари билан жиҳозланган ISUZU MPR82L русумидаги транспорт воситаларини текширувдан ўтказиш бўйича кўрсатма берилган. Текширув давомида машиналардаги газ баллонлари ечиб олиниб, унга 300 атмосфера босимида сув юборилади. Агар у яроқсиз бўлса, текширув давомида портлаб кетади.

Сифатсиз газ баллон билан ҳаракатланиш хавфли. У жамоат жойида портлайдиган бўлса, нафақат ҳайдовчининг ўзи ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига, балки фуқароларнинг ҳаётига ҳам катта хавф туғдиради. Шу сабабли раҳбарият газ баллонлари билан жиҳозланган транспорт воситаларини кўздан кечириш, FABER фирмасида ишлаб чиқарилган газ баллонлар аниқланган тақдирда уларни текширувдан ўтказиш ҳақида топшириқ берган.

Агар текширув давомида газ баллон яроқли деб топиладиган бўлса, улардан фойдаланишда давом этишга рухсат берилади”, дейди Иброҳим Абдураимов.

Мутасаддининг сўзларига кўра, синов жараёнида газ баллони портлаб кетган тақдирда ҳайдовчилар машинасига синов ўтказилган жойнинг ўзида янги, сифатли газ баллонини ўрнатиб олишлари мумкин, унгача автомобиллар шу ерда қолади.

Иброҳим Абдураимов газ баллони билан жиҳозланган енгил машиналарни жарима майдонига жойлаштириш бўйича ҳеч қандай кўрсатма берилмаганини таъкидлади.

“Интернетда тарқалган гап-сўзлар асоссиз. Енгил машиналар бўйича ҳеч қандай топшириқ бўлгани йўқ. Фақатгина ISUZU MPR82L русумидаги чиқинди ташувчи, юк ташувчи машиналар тўхтатилиб, уларнинг жиҳозлари кўздан кечирилмоқда. Италиянинг FABER фирмасида ишлаб чиқарилган газ баллонлар билан жиҳозланган машиналар аниқланса, улар синовдан ўтказиш учун юборилмоқда”, дейди у.

Башарти айрим енгил автомобилларга ҳам шундай типдаги газ баллонлари ўрнатилган бўлса, масъуллар шахсий хавфсизлик учун ҳам уларни синовдан ўтказиш тавсия қилинишини айтишмоқда.

Kun.uz'нинг ИИВдаги манбаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 11 ноябрдаги 326-сонли қарори билан сиқилган табиий газда ишлайдиган газ баллонлардан фойдаланишга рухсат берилгани, бироқ амалиётда бундай жиҳозларни ўзбошимчалик билан ўрнатиб олган, эски, яроқсиз газ баллонларда юрган автомобиллар кўплаб учраётгани, йўл ҳаракати қоидаларига кўра ҳужжатлари бўлмаган ёхуд реквизит рақамлари мос келмаган газ қурилмаларидан фойдаланишга йўл қўйилмаслигини билдирди.

У айни сабаб билан ЙҲХ ходимлари исталган транспорт воситасини тўхтатиб, унга ўрнатилган жиҳозларни кўздан кечиришга ва ҳужжатларини талаб қилишга ҳақли эканини таъкидлади.

Маълумот учун, интернетда ISUZU русумидаги юк машиналари турган жойида ва ҳаракатланиб кетаётган вақтда портлаб кетгани акс этган видеолар тарқалди. SamAuto корхонаси автозавод тегишли давлат идоралари билан биргаликда ҳодиса сабабларини ўрганаётганини маълум қилган. Kun.uz'нинг ИИВдаги манбаси сўзларига кўра, портлаб кетаётган ISUZU'ларга ўрнатилган газ баллонлари ўрнатилган тартибда техник кўрикдан ўтказилмаган ёки мавжуд тартиб айланиб ўтилган.

Аввалроқ Жиззахдаги метан заправкада “Жигули”, Янгийўл тумани ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган “Нексия-2” машинасига ўрнатилган газ баллони портлаб кетган, ҳодиса оқибатида икки киши ҳаётдан кўз юмганди.

Top