Жаҳон | 14:55 / 15.07.2022
8989
2 дақиқада ўқилади

Шри-Ланка парламенти президент истеъфосини қабул қилди

Шри-Ланканинг янги президенти 20 июль куни сайланади, унгача давлат раҳбари вазифасини мамлакат бош вазири бажаради.

Маҳинда Япа Абейвардена / Фото: Picture Alliance

Шри-Ланка парламенти мамлакатдаги оммавий норозилик намойишлари фонида аввалроқ тегишли ариза топширган президент Готабай Ражапаксанинг истеъфосини қабул қилди. Бу ҳақда 15 июль, жума куни парламент спикери Маҳинда Япа Абейвардена маълум қилди.

Унга кўра, Ражапаксанинг вориси яқин келажакда давлат раҳбари этиб сайланиши керак. Парламент номзодларни 19 июлда таклиф қилади, овоз бериш эса 20 июлда бўлиб ўтади, дея спикер сўзларидан иқтибос келтирмоқда News First маҳаллий нашри. Қонунга кўра, агар президент лавозими бўшаб қолса, унга депутатлардан бири сайланади, у кейинги сайловга қадар қолган муддатда, бу ҳолда, 2024 йилнинг ноябригача лавозимда қолади, деб тушунтиради нашр.

Аввалроқ бош вазир Ранил Викрамасингхе расман президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У бу лавозимни ҳафта ўртасида, Готабая Ражапакса 13 июлга ўтар кечаси мамлакатни тарк этганидан сўнг эгаллаган. 

Шри-Ланка 1948 йилда мустақилликка эришганидан бери энг ёмон иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда. Мамлакатда озиқ-овқат, дори-дармон ва ёнилғи тақчиллиги кузатиляпти, инфляция 54,6 фоиз даражасига етди, мамлакатнинг ташқи қарзи эса 51 миллиард долларни ташкил қилмоқда. 

9 июль куни намойишчилар мамлакатнинг энг йирик шаҳри Коломбодаги президент саройига бостириб кириб, бош вазир Викрамасингхенинг шахсий қароргоҳига ўт қўйиши ортидан сиёсий вазият кескинлашди. Шундан сўнг Шри-Ланка ҳукумати мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди ва комендантлик соати жорий қилди. 

Мавзуга оид