Жаҳон | 08:40 / 21.07.2022
7873
2 дақиқада ўқилади

Италия сенати бош вазир Марио Драгига ишонч билдирди

Марио Драгини 95 сенатор қўллаб-қувватлади. Бироқ ҳукмрон коалициядаги уч партия овоз беришни бойкот қилди. RAI News 24 хабарига кўра, Драги 21 июль куни истеъфога чиқиши мумкин.

Фото: dpa

20 июль, чоршанба куни кечқурун Италия сенати бош вазир Марио Драгига ишонч билдирди, бироқ 74 ёшли сиёсатчи керакли даражада кенг кўламли қўллаб-қувватловга эга бўлмади. Ҳукмрон коалиция аъзолари бўлган учта партия – «Лига», «5 юлдуз» ҳаракати» ва «Олға, Италия» овоз беришни бойкот қилди. Ҳукумат раҳбарига 95 сенатор ишонч билдирди, 38 нафари қарши чиқди.

Жараён Драги парламентнинг юқори палатасига ўз кабинетига ишонч тўғрисидаги резолюция учун овоз бериш сўрови билан мурожаат қилганидан кейин содир бўлди. Кузатувчилар овоз беришда уч партия қатнашмагани учун 74 ёшли сиёсатчининг истеъфога чиқиши эҳтимоли катта эканини таъкидламоқда. RAI News 24 телеканалига кўра, бу 21 июль, пайшанба куни содир бўлиши мумкин. 

Шу куни бош вазир парламент қуйи палатаси – Депутатлар палатасида нутқ сўзламоқчи. У ерда ҳам Сенатдаги каби жараён амалга оширилиши керак.

Бир ҳафта олдин, Марио Драги ҳукмрон коалициядаги инфляция ва энергия нархининг ошиши учун фуқароларга компенсация тўлаш бўйича қонун лойиҳаси туфайли юзага келган узоқ давом этган можародан сўнг истеъфога чиқди. Бош вазирнинг айтишича, унинг ҳукуматини қўллаб-қувватлаган миллий бирлик коалицияси энди мавжуд эмас, шунинг учун фаолиятини давом эттириш учун шароит йўқ. Бироқ Италия президенти Сержио Маттарелла Драгининг илтимосини рад этди ва унга ишонч вотуми ўтказишни таклиф қилди.

Мавзуга оид