Жаҳон | 09:23 / 25.07.2022
21810
5 дақиқада ўқилади

Москва Одесса портига ракета зарбаси берилганини тан олди

Россия ТИВ ва Мудофаа вазирлиги вакиллари Одесса денгиз портига қилинган ракета ҳужумининг нишони Украина ҳарбий катери бўлганини даъво қилмоқда.

Фото: Associated Press/Nina Lyashonok

Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Одесса денгиз портига ракета ҳужуми содир бўлганига изоҳ берди. 24 июль, якшанба куни у ўзининг Telegram-каналида «Калибр» ракеталари нишони Украина ҳарбий объекти бўлганини ёзди. Захарованинг сўзларига кўра, зарба натижасида Украина ҳарбий катери йўқ қилинган.

Ўз навбатида, Россия Мудофаа вазирлиги Одесса порти ҳудудига ракета ҳужуми уюштирилганини тасдиқлади. Вазирлик баёнотида айтилишича, натижада «докда турган Украина ҳарбий кемаси», шунингдек, АҚШ томонидан етказиб берилган Harpoon кемаларга қарши ракеталари сақланган омбор йўқ қилинган. Бундан ташқари, «Украина ҳарбий-денгиз кучлари кемалари таркибини таъмирлаш ва модернизация қилиш корхонасининг ишлаб чиқариш қувватлари ишдан чиқарилди», дея маълум қилди Москва. 

23 июль куни, Туркияда эришилган келишувлардан бир кун ўтиб рус қўшинлари Одесса денгиз портига ҳужум қилди. «Юг» оператив қўмондонлиги маълумотларига кўра, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан иккита ракета уриб туширилган, яна иккитаси порт инфратузилмаси объектига келиб урилган. Шу билан бирга, улар дон омборига зарар етказмаган, зарба натижасида насос станциясида ёнғин чиққан, деб хабар берди «Юг» оператив қўмондонлиги. 

Ўша куни Россия Одессанинг ўққа тутилганини расман тасдиқламади, Туркия Мудофаа вазирлиги эса РФ уларга ҳужумга алоқадор эмаслигини маълум қилганини билдирди. Зарба жаҳон ҳамжамиятининг кескин реакциясини келтириб чиқарди. У «Россиянинг Украина ғалласини етказиб беришни ташкил этиш бўйича бир кун аввал имзоланган келишувларга риоя қилишига жиддий шубҳа туғдиради», деди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен. «Ушбу ҳужум БМТ, Туркия ва Украинанинг жаҳон бозорларига муҳим озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ишига путур етказади. Россия глобал озиқ-овқат инқирозининг чуқурлашиши учун жавобгардир ва ўз агрессиясини тўхтатиб, келишувларга тўлиқ риоя қилиши керак», - деди у. 

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Одессадаги портнинг ўққа тутилишини «қатъий» қоралади ва РФ, Украина ҳамда Туркияни Украина дони ва бошқа маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича келишувга риоя қилишга чақирди. 

«Истанбул келишувлари имзоланганидан бир кун ўтиб дон экспорти учун асосий бўлган нишонга зарба бериш қатъий қораланади ва Россия халқаро ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларга эътибор бермаслигини яна бир бор намойиш этади», деди Евроиттифоқнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Жозеп Боррел.

Украина президенти Володимир Зеленский Одесса портининг ўққа тутилишини «ошкора рус ваҳшийлиги» деб атади. «Бугунги кунда Россиянинг Одессага, бизнинг портимизга ракета ҳужуми бемаънилик ва бу Россиянинг ўз сиёсий позицияларига зарба бўлди. Агар дунёда кимдир Россия билан қандайдир мулоқот, қандайдир келишувлар зарур деб айта олса, нималар юз бераётганини яхшилаб ўйлаб кўрсин. Бугун Россиянинг «Калибр» ракеталари бундай баёнотлар эҳтимолини йўқ қилди», дея таъкидлади у. Украина раҳбарининг сўзларига кўра, жаҳон ҳамжамиятининг Одессага ракета ҳужумига муносабати «мутлақо бир овоздан» бўлган ва бундан кейин руслар «энди ҳеч кимни алдай олмайди».

Бир кун аввал Истанбулда Россия ва Украина БМТ раҳбари Антониу Гутерриш воситачилигида Россиянинг денгиз портларига бостириб кириши бошланганидан бери тўсиб қўйилган миллионлаб тонна Украина ғалласини экспорт қилиш муаммосини ҳал қилиш бўйича келишув имзолади. Россия ва Украина ўртасидаги келишув биргаликда тузилмади, аксинча, томонларнинг ҳар бири Туркия ва БМТ билан алоҳида ҳужжат имзолади. Гап учта порт – Одесса, Чорноморск ва Южнийнинг блокдан чиқарилиши ҳақида кетмоқда, улардан яқин ҳафталарда Украина озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишни қайта тиклаш режалаштирилган. Шу билан бирга, Туркияда барча томонлар вакилларидан иборат инспекция гуруҳлари тузилади, улар юк ва кема экипажларини текширишни таъминлайди. 

Мавзуга оид