Ўзбекистон | 10:58 / 29.07.2022
9510
4 дақиқада ўқилади

Сенат йўл хўжалиги соҳасидаги талон-торожликлар ҳақида маълумот берди

Қонунчилик палатаси ва Сенат мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмиталари қўшма мажлисида Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси раҳбарининг соҳани ривожлантириш учун ажратилган маблағлар сарфланиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти муҳокама қилинди.

Фото: Senat.uz

Молия вазирлиги, Бош прокуратура ва Ҳисоб палатаси томонидан тақдим этилган маълумотлар таҳлилига, мамлакатда йўл хўжалиги соҳасига ажратилган маблағларни сарфлашда қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясининг 2021-2022 йилларда йўл хўжалиги лойиҳаларида амалга оширилган қуриш-таъмирлаш ишларини ўрганишлари кўрсатганидек, 45 та ҳолатда 34 млрд 575 млн сўмлик маблағлар самарасиз ва ноқонуний сарфланган. Шундан 2022 йил иккинчи чорак якуни бўйича жами 23 млрд 177 млн сўмлик қурилиш-монтаж ишлари қонунга зид равишда сарфланган.

Бош прокуратура томонидан олинган маълумотларга кўра, 2021 йил ва жорий йил биринчи ярмида прокуратура органлари ҳудудий жамғармаларда жами 20 та текшириш ўтказиб, назорат тадбирларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 6 та тақдимнома киритилган, 12 нафар мансабдор шахсга огоҳлантириш эълон қилинган, 11 нафар шахс интизомий ва 21 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 12 та жиноят ишлари қўзғатилган.

Наманган вилояти Поп туманидаги 4Р-125 “Ғурумсарой - Хонобод - Чодак - Гулистон” автомобиль йўли 10–37 км қисмида лойиҳа қиймати 3 млрд сўмлик капитал таъмирлаш ишларини бажаришда “Наманган кўприклардан фойдаланиш” УК мансабдор шахслари томонидан ҳақиқатда бажарилмаган 2,5 млрд сўмлик иш ҳажмини ҳисоботларга қўшиб ёзиш орқали жамғарма маблағларини талон-торож қилингани аниқланган.

Фото: Senat.uz

Йўл ишлари дастурлари тасдиқлангандан сўнг йил давомида уларга қўшимча объектлар киритилиши ҳисобига йилдан-йилга ўтувчи объектлар сони ва қиймати ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Ушбу объектларнинг йиллар давомида фойдаланишга топширилмаслиги ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Объектлар дастлабки қийматига нисбатан бир неча бор қимматлашишига, автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати пасайишига, бюджет маблағларидан самарасиз фойдаланишга ва харажатлар кескин ошишига олиб келмоқда, дейилади маълумотда.

Билдирилишича, йилдан-йилга ўтувчи объектлар қуриш жараёни давом этаётгани, бунинг ҳисобига лойиҳа-смета ҳужжатларидаги қурилиш материаллари нархлари бир неча бор қимматлашаётгани учун буюртмачи ва пудратчи ташкилотлар ўртасида тузилган шартномалар бекор қилиниши ҳолатлари ҳам кўпаймоқда.

Фото: Senat.uz

“Оқибатда, объект қолдиқ иш ҳажмлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари қайта ишлаб чиқилганда, объект қиймати дастлабки қийматга нисбатан бир неча бор ортиб кетмоқда.

Барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисобварақ фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш тизимини мажбурий тартибда жорий этиш белгиланган бўлса-да, қурилиш соҳасида ҳисобварақ-фактуралар тузилиши жиҳатидан фарқ қилгани учун қурилиш соҳасида бажарилган ишлар қоғоз шаклида қабул қилинмоқда, қурилиш соҳасига мос бўлмаган электрон ҳисобварақлар ҳам тўлдирилмоқда.

Бу, биринчи навбатда, қурилиш соҳасида қўшиб ёзишга, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини ноўрин ошиб кетишига, иш турлари бўйича бажарилган ишлар ҳажми бўйича ойма-ой ҳисоботларни шаклланмаслигига ва ноаниқликларга олиб келмоқда”, дейилади Сенат хабарида.

Муҳокама якунида қайд этилган муаммоларни бартараф этиш юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга кўрсатмалар берилди ҳамда Қонунчилик палатаси ва Сенат мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмиталари қўшма қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид