Жаҳон | 08:04 / 22.08.2022
6624
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британиянинг энг йирик контейнер порти ишчилари иш ташлашга чиқди

Филикстоу контейнер порти ишчилари 30 йил ичида биринчи марта иш ташлашди. Улар энг юқори инфляция фонида иш ҳақини оширишни талаб қилмоқда.

Фото: AP

Буюк Британияда 21 август, якшанба куни темирйўлчилардан сўнг мамлакатнинг энг йирик контейнер порти - Филикстоунинг 2000 га яқин ишчиси иш ташлашга чиқди. Улар саккиз кун давомида ишни тўхтатди.

Unite касаба уюшмаси компания акциядорлари 2020 йилда 100 млн фунт стерлингга яқин (118 млн евро) катта фойда олгани туфайли яшаш нархининг ошиши билан иш ҳақини мос равишда оширишни талаб қилди. Порт «жуда фойдали», деди касаба уюшмаси бош котиби Шэрон Грэм.

Ҳозирги иш ташлашлар Буюк Британияда 18 августда бошланган. Уч кун давомида иш ташлашлар, хусусан, айрим ҳудудларда темирйўл ҳаракатини фалаж қилди. Филикстоудаги иш ташлаш, йиллик 10 фоизлик инфляциянинг энг юқори даражаси шароитида иш ҳақини катта миқдорда оширишни таъминлаш мақсадида бир қатор иқтисодиёт тармоқлари касаба уюшмалари томонидан уюштирилган иш ташлашларнинг энг сўнггисидир. 

Филикстоу порти расмийлари Unite’нинг иш ташлашни тўхтатиш ҳақидаги таклифни қабул қилишдан бош тортганидан «ҳафсаласи пир бўлганини» билдирди. Порт операторининг таъкидлашича, у «адолатли» иш ҳақини ўртача 8 фоизга ва энг кам маош оладиган ходимлар учун деярли 10 фоизга оширишни таклиф қилган. 

Порт маъмурияти иш ташлашнинг «Буюк Британиядаги таъминот занжирига» таъсиридан афсусда эканлигини билдирди. Айни пайтда, Британиянинг PA ахборот агентлигига берган интервьюсида порт ходимларидан бири иш ташлаш «ноқулайлик, аммо фалокат эмас»лигини таъкидлади. Бундан ташқари, COVID-19 пандемияси даврида таъминот занжиридаги узилишлар одатий ҳолга айланди, деди у. 

1989 йилдан бери бу - Англия шарқида жойлашган портдаги биринчи иш ташлашдир. Филикстоу орқали йилига 4 млнга яқин контейнер ўтади. 

Мавзуга оид