13:49 / 20.09.2022
7515

Депутатлар «Йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қабул қилди

Фото: Kun.uz

Қонунчилик палатаси навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда “Йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, бугунги кундаги йўллар ҳолати ўсиб бораётган транспорт воситалари тирбандликларсиз ҳаракатланишини таъминлашга жавоб бермайди. Йўл ҳаракати иштирокчилари бўлган транспорт воситалари йўловчилари, пиёда ва велосипед хайдовчилар учун йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғри ва тизимли йўлга қўйилмаган. 

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида йўл ҳаракатини ташкил этиш асосий принциплари, йўл ҳаракатини ташкил этиш соҳасидаги давлат бошқаруви, автомобил йўли эгаси ҳуқуқ ва мажбуриятлари, йўл ҳаракатини ташкил этишга қўйиладиган умумий талаблар, йўл ҳаракати мониторингини олиб бориш, йўл ҳаракатини ташкил этиш самарадорлигини таъминлаш каби йўналишлар белгилаб қўйилмоқда. 
 
Билдирилишича, қонун лойиҳаси қабул қилиниши йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича давлат бошқаруви ва ваколатли органлар ўртасида самарали ҳамкорлик қилиш тизимларини яратиш, йўл ҳаракатини ташкил этиш соҳасидаги фаолият тизимли ва комплекс бошқарилиши натижасида йўл ҳаракатини ташкил этиш самарадорлигини ошириш ҳамда такомиллаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлиги юқори даражага кўтаришга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди. 

Top