Жаҳон | 00:25 / 06.12.2022
10262
2 дақиқада ўқилади

Мўғулистонда намойишчилар полиция томонидан тарқатиб юборилди

Ҳукумат биноларини эгалламоқчи бўлган одамлар маҳаллий вақт билан соат 23:00 да тарқалиб кетди.

Фото: news.mn

Мўғулистон пойтахти Улан-Батор полицияси шаҳарнинг марказий майдонида қолган намойишчиларни тарқатиб юборди. Маҳаллий вақт билан соат 23:00 да (Тошкент вақти билан 20:00) намойишчиларнинг аксарияти тарқалиб кетган. Бу ҳақда маҳаллий News.mn портали хабар бермоқда.

Аввалроқ, Улан-Батор мэри Долгорсурен Сумяабазар намойишчиларни тарқатиб юбориш ҳақида буйруқ берган эди.

Намойишлар чоғида одамлар ғалаён кўтариб, полиция ходимларига ҳужум қилган, шунингдек, ҳукумат биноларини эгалламоқчи бўлган эди. Аммо маҳаллий вақт билан соат 21:00 ҳолатига кўра, вазият тинчиб қолган. Полиция одамларни тарқалишга чақирган.

Намойишлар пайтида олти киши, жумладан Ҳукумат саройи хавфсизлик хизматининг тўрт нафар ходими яраланган. Ҳукумат раҳбарининг давлат қароргоҳигача бўлган йўл тўсиб қўйилган.

Мўғулистон пойтахтидаги норозилик намойишлари уч кундан бери давом этмоқда. Улар Мўғулистондан Хитойга экспорт қилинадиган кўмир билан боғлиқ коррупция можароси туфайли бошланди. Маълум бўлишича, Мўғулистондан экспорт қилинадиган кўмир миқдори Хитой томони олган миқдордан фарқ қилади. Гап 1,8 миллиард долларлик 6,5 миллион тонна кўмир ўғирлангани ҳақида кетмоқда. Намойишчилар ўғирликда гумон қилинаётган шахсларнинг исмини ошкор этишни талаб қилмоқда, улар орасида юқори лавозимли сиёсатчилар ҳам бўлиши мумкин.

Мавзуга оид