Жаҳон | 08:02 / 06.12.2022
5272
2 дақиқада ўқилади

Шольц Германияни Европа хавфсизлигининг асосий кафолатига айлантирмоқчи

Германия канцлери янги миллий хавфсизлик стратегиясини эълон қилди, у мудофаа ва ҳарбий саноатга сармоя киритиш, Шарқий Европадаги мавжудликни кучайтириш ва Украина Қуролли кучларига ёрдам беришни ўз ичига олади.

Фото: David Josek/AP Photo/picture alliance

Германия Европа хавфсизлигининг асосий кафолатига айланиши керак, деб ҳисоблайди федерал ҳукумат учун янги стратегик концепцияни тақдим этган Германия канцлери Олаф Шольц. «Германиянинг янги роли янги стратегик маданиятни талаб қилади ва биз келгуси ойларда қабул қиладиган миллий хавфсизлик стратегияси буни ҳисобга олади», деб ёзди у 5 декабрь, душанба куни АҚШнинг Foreign Affairs нашрида чоп этилган мақоласида.

Бунинг учун Берлин Бундесверга сармоя киритиши, Европа ҳарбий саноатини мустаҳкамлаши, НАТОнинг шарқий қанотидаги ҳарбий иштирокини ошириши, Украина қуролли кучларини тайёрлаш ва жиҳозлаши керак, дея маълум қилди Германия ҳукумати раҳбари.

Шольцнинг фикрича, миллий хавфсизлик стратегияси Германияни Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши натижасида юзага келган Европадаги янги таҳдидли вазиятга тайёрлаши керак. Россия президенти Владимир Путин Украинага ҳужум қилишга буйруқ бериб, ўнлаб йиллар давомида яратилган «дунёнинг Европа ва халқаро архитектурасини вайрон қилди», деб ёзади у. Россия «БМТ Низомида мустаҳкамланган халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларига эътироз билдирди», деди Шольц.

Унинг таъкидлашича, Россия чегараларни куч билан қайта чизиб, дунёни блоклар ва таъсир доираларига бўлмоқчи, аммо Германия ва Европа қоидаларга асосланган халқаро тартибни ҳимоя қилишда ёрдам бериши мумкин. «Дунё Путиннинг ўз йўлига киришига йўл қўймаслиги керак. Биз Россиянинг реваншист империализмига чек қўйишимиз керак», - деди у. Германия канцлерининг сўзларига кўра, уруш Россиянинг ғалабаси билан тугамаслиги мутлақо аниқ ва Путиннинг миссияси аллақачон барбод бўлган.

Янги стратегия 2023 йил февралида Мюнхен хавфсизлик конференциясида тақдим этилади.

Мавзуга оид