14:03 / 12.12.2022
14412

Косово шимолида яна нотинчлик. Сербия билан можаро хавфи юзага келди

Сербия президенти қўшни Косовонинг асосан этник серблар истиқомат қилувчи шимолий туманларида дам олиш кунларида авж олган кескинлик ва тартибсизликлар туфайли мамлакат Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақирди.

Косово шимолида тўсилган йўл. Бу сафарги кескинлик Приштина ўз автомобил рақамларини жорий этишга уриниши туфайли юзага келмоқда. Белград уларни тан олишдан бош тортган. Фото: Reuters

«Бугун мен президент бўлганимдан буён энг оғир кун, мен сербларни провокацияларга учмасликка чақираман», - деган Сербия президенти Александр Вучич ушбу йиғилишдан кейин ва Косово шимоли ва Метохиядаги серблардан хотиржамлик ва тинчликни сақлашга чақирган.

Минтақада узоқ вақтдан буён кескинлик сақланиб қолмоқда, сўнгги вақтларда эса Косово ҳукумати серблар кўпчиликни ташкил қиладиган муниципалитларда 18 декабр кунига сайловлар белгилагани туфайли бу кескинлик кучайган. Сербларнинг асосий сиёсий партияси бу сайловларга бойкот эълон қилди.

Вазият 11 декабрга ўтар кечаси номаълум шахслар полиция билан отишма уюштириб, функциялари қаторида Косово ҳукуматини мустақил ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини ташкил этишда қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам бўлган Евроиттифоқ патрул миссияси (EULEX) биносига шовқинли гранаталар улоқтириши оқибатида янада кескинлашди.

Ундан аввалроқ Косово серблари гуруҳи Косово шимоли ва Митровица округида асосан серблар яшайдиган Звечан, Лепосавич ва Зубин-Поток шаҳарларида бир қанча йўлларни тўсиб қўйганди.

Косово полицияси йўлларни тўсган одамлар ҳам уч марта полициячиларга қарата ўқ узганини маълум қилган.

Якшанба кунги тартибсизликлар

Фото: AFP

Якшанба куни серб миллатига мансуб, Косово полициясининг собиқ ходими бўлган Деян Пантич Сербиядан қайтиб келганида қўлга олиниши тартибсизликлар келтириб чиқарди.

Унинг қўлга олинишидан ғазабланган юзлаб серблар шанба куни ўрнатилган ва Косоводан Сербияга ўтиш амалга ошириладиган иккита чегара назорат пункти бўйлаб ҳаракатни фалаж қилиб қўйган блокпостлар олдида яна тўпланишди.

Пантич ноябр ойида Приштинанинг шимолий ҳудудлардаги сербларни Сербия берган автомобил рақамларни Косовоникига алмаштиришга мажбурлашига норозилик сифатида истеъфо берган 600 нафар полициячидан бири эди.

Бу можаро ёзда, Косово ҳукумати автомобил рақамларини мажбуран ўзгартириш бўйича илк уринишни амалга оширганида юзага келганди.

Ўшанда 50 минг атрофидаги киши бунга бўйсунишдан бош тортганди, чунки улар шу вақтга қадар Косово мустақиллигини тан олишмайди ва рақамларни алмаштиришни бунга билвосита рози бўлиш деб ҳисоблашади.

Косово ҳукумати ўшанда янги қоидалар жорий этилишини кейинроққа қолдиришга мажбур бўлганди. Евроиттифоқ томонлар ўртасидаги келишув учун воситачи бўлган, унга кўра Косово томони сербларнинг рақамларида ҳаракатланишда давом этган ҳайдовчиларни жаримага тортиш режасидан воз кечишга, Сербия эса Косово шаҳар кодлари билан автомобил рақамларини беришни тўхтатишни ваъда қилади.

Косовонинг Белград томонидан тан олинмагани фактидан ташқари асосий муаммо шундаки, Косово ҳукумати учун ҳам автомобил рақамлари масаласи Белград учун бўлгани каби муҳим масала.

Бу тартиб кучга кириши муддати 21 ноябр кунига белгиланганди ва 1 ноябрдан Косово полицияси автомобил эгаларини рақамларни алмаштириш тўғрисида огоҳлантира бошлади.

НАТО контингенти БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1999 йил 12 июндаги резолюцияси орқали ташкил этилган ва ўша вақтдан буён Косовода бўлиб турибди. Фото: ARMEND NIMANI

Ноябр ойи бошида Косово бош вазири Албин Курти Косовода яшовчи серблар уларнинг автомобилларида Косово рақамлари бўлишига рози бўлиши кераклигини айтди. Шундан сўнг Косово серблари вакиллари Приштинанинг барча давлат муассасаларидан чиқишларини эълон қилишди.

Косово шимолида асосан серблар яшовчи тўртта муниципалитет мэрлари, маслаҳатчилар, Косово Ассамблеяси аъзолари, судялар, прокурорлар, прокуратура ва суд органларининг маъмурий ходимлари, шунингдек ўлка шимолидаги Косово полицияси ходимлари истеъфога чиқишди, полициячилар телекамералар қаршисида намойишкорона формаларини ечиб ташлашди.

Косово ҳукумати ушбу тўрт муниципалитетда сайловлар ўтказишга уриниб келади, аммо давом этаётган кескинлик туфайли уларни ортга суришга мажбур бўлади. Сербларнинг асосий партияси сайловларни бойкот қилишга чақирган ва президент Вьосе Усмонийда сайловларни 18 декабрдан кейинги йил апрелига суришдан бошқа йўл қолмаган.

Франция, Германия, Италия, Буюк Британия ва АҚШ элчихоналари сайловлар кечиктирилишини маъқуллаб, буни шимолда нисбатан тинчликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшувчи «конструктив ечим» деб баҳолаган.

Бироқ серблар орасидаги норозилик сақланиб қолди ва ўтган ҳафтада Косово расмийлари серблар кўпчиликни ташкил этувчи ҳудудларга кучайтирилган полиция патрулларини жўнатди.

9 декабр куни ЕИ миссияси Митровица шаҳрини иккита муниципиал бирликка ажратиб турувчи асосий кўприкда навбатчилик қилаётган Косово полициясига қўшимча кучлар юборди. Фото: ANADOLU AGENCY

Сербия дарҳол олдинги тинчлик келишувлари бузилганини эълон қилди. Серблар президенти Александр Вучич НАТО тинчликпарвар кучларидан ушбу ҳудудларга Сербия полицияси ва қўшинларини юбориш учун рухсат сўрашни режалаштираётганини айтди, шу билан бирга, бундай рухсат бўлмаслигини амалда тан олди.

Расман Вучич БМТнинг 1244-сонли резолюцияси асосида ўз кучларини Косово ҳудудига жойлаштиришни сўраши мумкин (No 4 бандида айтилишича, «югослав ва серб ҳарбийлари ҳамда полициячиларининг келишилган сонига ўз функцияларини бажариш учун Косовога қайтишга рухсат берилади»).

Йўллардаги баррикадалар

Косово бош вазири Албин Курти мамлакат шимолидаги Звечан, Лепосавич ва Зубин-Поток шаҳарлари кўчаларида ўрнатилган баррикадалар зудлик билан олиб ташланишини талаб қилди. У мамлакат раҳбарияти вазиятни имкон қадар ҳал этиш учун KFOR кучлари (НАТО раҳбарлигидаги БМТ контингенти) билан доимий алоқада бўлиб турилганини таъкидлаган.

Курти твиттердаги саҳифасида «Сербия президенти ва бош вазири ҳарбий тажовуз билан таҳдид қилгани», аммо Косово можаро истамаслиги, шу билан бирга, «тажовуз рўй берса, жавоб қайтариши»ни ёзган.

ЕИнинг ташқи ишлар масалалари бўйича олий комиссари Жозеп Боррел тўқнашувларни қоралаган ва Косово сербларини зудлик билан баррикадаларни йиғиштириб олишга чақирган. «Осойишталик тикланиши керак... барча иштирокчилар эскалациядан қочиши керак», — дея ёзган Боррел твиттерида.

Якшанба куни кечқурун Сербия президенти Александр Вучич Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишидан кейин Косово шимолидаги сербларни тинчликни сақлашга, провокацияларга берилмасликка, шунингдек, Евроиттифоқ миссияси ва НАТО контингентига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирди.

Косово 2008 йилда қонли урушлардан кейин мустақиллик эълон қилган. Сербия уни суверен давлат сифатида тан олмаган, аммо 2013 йилда муносабатларни нормаллаштириш учун тузилган келишувга мувофиқ унинг бошқарувчи ҳукуматини тан олади.

Top