20:48 / 19.12.2022
30170

Қишлоқда бир кун: Матонатли одамлар

Абдусоли Қосимов 40 йилдан ошиқ пайвандчи бўлиб ишлаган. Ҳозир нафақада. У тракторида қишлоқдошларининг ерини ҳайдаб беради, уйидаги мўъжазгина устахонасида буюм ясаб сотади.

Абдусоли ака Фарғона туманининг адирлик ён бағридаги Қўрғонтепа қишлоғи Бекат маҳалласида яшайди. Қишлоқ аҳолиси чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади.

62 ёшли Абдусоли аканинг уйида меҳмон бўлиб оиланинг яшаш шароити билан танишдик. Оила бошлиғи фарзандлари ва ўзи ишлаган завод ҳақида сўзлаб берди.

«Мактабни тамомлагач «училишеда» ўқидим. Сўнг «армияга» кетдим. Германияда хизмат қилдим. Армиядан қайтиб 1980 йилда Қапчуғай қишлоғидаги темир-бетон заводига ишга кирдим. 2020 йилда нафақага чиқдим. Аллоҳга шукр, ҳамма нарсамиз етарли. Ҳаёт яхшиликда ўтяпти.

4 ўғил ва 1 қизим бор. Яратганга шукр. Ҳаммасини уйли-жойли қилдик. Эндиликда ўзлари тирикчиликларини қилишяпти. Уйда ҳам «сваршчиклик» қилиб тураман. Қорамолларимиз бор. Тирикчилик ўтяпти».  

Қишлоққа ичимлик суви етиб келмаган, табиий газ йўқлигидан аҳоли кўмир ва ўтин ёқиб қиш чиқарар экан. Абдусоли ака бир пайтлар уйида сурув-сурув қўйлар боққан. Даштлар ўзлаштирилгандан кейин чорва боқиш имконияти чекланиб одамлар аввалгидек мол-қўй боқмай қўйган.

«Тепага» чиқиб ичимлик сувини олиб келамиз. Ўтин кўмир қилиб қишни чиқаряпмиз. Еримиз бор, ёзда экин-тикин билан овора бўламиз. Сув омборидан бўшаган ерда маккажўхори экамиз. Маккахўхори ҳосилини кечроқ йиғиштириб олганимиз учун сўтанинг олди қисми пишиб орқа томони эса яхши пишмай қолади. «Тўни»ни қайириб михга осиб қўйсак яхши қурийди...

Қўй боқишга авваллари шароит яхши бўлган-да. Дашт ерлар ҳам секин-аста ўзлаштирилиб кўпчилик аввалгидек чорва қилмай қўйди. Чорваларимизни боқиш учун қирғизларга бериб юборар эдик. Чегарада тартиб ўзгаргани учун чорва боқишда имкониятимиз чекланди.

Қишлоқ аҳли асосан деҳқончилик билан шуғулланади. Фермер ерларида ишлайди кўпчилик. Давлат ишида ишлайдиганлар кам. Аҳоли жуда меҳнаткаш. Ёшларимиз ишбилармон».

Абдусоли ака қишлоқ аҳолиси етиштираётган картошкага қурт тушиб кетаётгани ҳақида ҳам сўзлади.

«Илгари бундай ҳолат кузатилмаган. Яқин 5-6 йилдан бери шундай бўляпти. Шунинг учун ҳам картошка сақлашнинг имкони бўлмаяпти. Омбордаги картошкани қуртлар тешворяпти. Сақлашнинг имкони бўлмаганидан пишиб етилиши биланоқ сотиб юборишга мажбур бўляпмиз».

У ўзи туғилиб ўсган қишлоғига меҳр берган. Шаҳарда яшайдиган ўғлининг уйига борса ҳам икки кун деганда қишлоққа «қочиб» келар экан.

«Ўғилларимга печкасидан тортиб боғ-роғигача қилиб бердим. Улар ҳам интилишиб қолган камчиликларини ўзлари қилишяпти. Нафақага чиққанимга 2 йил бўлган бўлса ҳам бекор қолганим йўқ. Хусусий тракторим бор, ҳайдаб тураман. 

4 ўғил — бари ҳаракатчан. 2 ўғлим мен билан бирга заводда ишлар эди. Улардан бири Кореяга кетаётган пайтда пандемия бўлиб бора олмай қолди. Бекор юрмай деб кейин Россияга кетди. Бир ўғлим сув омборида ишлар эди. «Сокрашения» тушгач энди маҳаллада кунбай устачилик қиляпти. Тирикчилиги ўтяпти. Кенжа ўғлим олий маълумотли. Шаҳарда яшайди.

Қишлоғим мен учун жудаям қадрли. Ўғлимникига бориб қолсам узоғи икки кун «чидаб» ўтираман. Бизга ўхшаб қишлоқ шароитида яшаган инсонга шаҳарга кўникиш қийин экан».

«1 миллионга яқин пенсия оламан. Заводга 1980 йилда ишга кирганман. Орада тобим бўлмай буйрагим оғриб қолиб, 14 йил группада юрдим. Соғлигимни тиклаганимдан кейин яна ишга қайтдим».

Абдусоли ака ёшлик дамлари, босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақида гапира туриб, макка сўтаси тўнини қайириб, омборхона ёғочларга илишда давом этарди...

Оила бошлиғи билан суҳбатлашиб бўлгач адирликка туташ қишлоқнинг сўқмоқ йўллари бўйлаб ораладик. Кимдир қўйларини адирликка ҳайдаган.

«Маҳаллада 15 та хўжалик яшайди. 50 бош қўйимиз бор. Уни адирликда боқамиз. Деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланамиз. Қўй боқиш ёз фаслида қийин, куз ва қишда эса осон бўлади.

Жойларга экин экилгани учун ёзда қўйларимизни сув омбори атрофида боқишга мажбур бўламиз. Ҳозир эса экиндан бўшаган ерларда ва адирларда қўй боқяпмиз», – дейди шу қишлоқда яшовчи Абубакр Худойберганов.

Қуёш ботиб атрофни қоронғилик чулғай бошлади. Абубакр аканинг сурув қўйлари чанг-чўзонни ўзи билан бирга олиб қирдан тушди. Далага кетган қишлоқ сигирлари изларига қайтди.

Абдусоли аканинг ҳам далага анор кўмгани кетган икки ўғли қайтиб келди. Адирликка туташ қишлоқда мўридан бурқсиб чиқаётган тутундан бошқа ҳамма нарса тин олди...

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Top