21:34 / 26.12.2022
32163

"Hi-Tech bank" лицензияси бекор қилиниши ортидан Марказий банкни судга бергани маълум бўлди

Kun.uz аввалроқ лицензияси бекор қилинган "Туркистонбанк" ва "Hi-Tech bank"нинг лицензиялари қайтариб берилиши ҳақида ёзганди. Бу хабарлар фонида "Hi-Tech bank" регулятор қарори юзасидан судга мурожаат қилгани ойдинлашди.

Фото: Марказий банк

Марказий банк ижтимоий тармоқлар ва ОАВларда “Туркистонбанк” ҳамда “Hi-tech bank" хусусий акциядорлик тижорат банкларининг банк фаолиятини амалга оширувчи лицензияси қайтариб берилиши юзасидан тарқатилаётган хабарлар бўйича муносабат билдирди.

Муносабатда Марказий банк Бошқарувининг 2022 йил 7 октябрдаги 22/1-сонли қарорига асосан “Hi-tech bank” хусусий акциядорлик тижорат банкидан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олинган бўлиб, шу куни “Hi-tech bank” тугатиш жараёни бошлангани эслатиб ўтилган.

“Hi-tech bank” хусусий акциядорлик тижорат банки томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ ҳар қандай манфаатдор шахс судга мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда Марказий банк қарори юзасидан судга мурожаат қилинган.

“Hi-tech bank” хусусий акциядорлик тижорат банкининг Марказий банк қарори юзасидан судга мурожаати процессуал қонунчилик асосида кўриб чиқилиши мумкин", дейилади расмий хабарда.

Бироқ регулятор берган баёнотда "Туркистонбанк"ка тўхталиб ўтилмаган. Шунингдек, Марказий банк банкларнинг лицензияларига оид хабарлар тўғри ёки нотўғрилигига муносабат ҳам билдирмаган.

Эслатиб ўтамиз, 26 декабр куни тармоқларда "Hi-Tech bank ва "Туркистонбанк"нинг лицензияси қайтариб берилиши ҳақидаги хабарлар тарқалди. Марказий банк Kun.uz сўровига аниқ изоҳ бермади. Бироқ Kun.uz манбаси бу хабар ҳақиқатлигини тасдиқлади.

27 октябрдаги матбуот анжуманида регулятор раҳбари “Туркистонбанк"да аҳолининг 368 млрд атрофида, “Hi-tech bank"да эса тахминан 5 млрд сўм маблағлари борлигини маълум қилди.

Маълумот учун, иккала банк томонидан "Банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун"нинг 55- ва 77-моддаларида белгиланган қоидабузарликлар содир этилгани уларнинг лицензиясини бекор қилишга асос бўлган.

Top