Ўзбекистон Покистон билан денгиз портларидан биргаликда фойдаланмоқчи
Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев раислигида видеоконференция шаклида Хитой билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик, Ишчи гуруҳнинг Покистон ва Сингапурга бўлажак ташрифларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Хитой Давлат кенгаши Бош вазирининг ўринбосари Ху Чуньхуанинг жорий йил декабрь ойида амалга оширган ташрифи якунлари бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси” бажарилиши муҳокама қилинди. Ҳужжатда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш, 500 миллион доллар миқдорида грант маблағлари ва тўғридан тўғри хорижий инвестициялар жалб этиш, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш, ҳудудлараро ҳамкорлик масалалари ўрин олган. “Йўл харитаси” муқобил энергетика, тоғ-кон саноатини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, Ўзбекистон-Хитой агроинновацион паркини ташкил этиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, Хитой тажрибаси асосида камбағалликни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар кўришни ва бошқа вазифаларни назарда тутади. “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан масъул раҳбарларга мақсадли топшириқлар берилди.
Йиғилишда Ишчи гуруҳнинг Покистонга бўлажак ташрифи кун тартибининг истиқболли йўналишлари ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, Покистон томони билан денгиз портларидан биргаликда фойдаланиш, икки давлат ўртасидаги ҳаво қатновлари сонини кўпайтириш, юк ташувчилар учун виза режими ва божхона тартиб-қоидаларини енгиллаштириш, мева ва сабзавотларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича қўшма корхоналар яратиш, Тошкент ва Исломобод шаҳарларида саноат маҳсулотларининг ўзаро ярмаркаларини ташкил этиш масалалари бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш вазифалари топширилди.
Мутасадди раҳбарларга электротехника, кимё, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон-Покистон қўшма саноат кооперацияси лойиҳаларини, тўқимачилик, туризм, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда ҳудудлараро ҳамкорлик доирасидаги қатор лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Ишчи гуруҳнинг Сингапурга ташрифига тайёргарлик кўриш доирасида ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги, энергетика, машинасозлик, кимё ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, транспорт ва логистика, ахборот технологиялари, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ўрганилди.
Хусусан, Тошкент вилоятида замонавий логистика маркази, Андижон вилоятида қуруқ порт (логистика марказини) барпо этиш, мамлакатимиз аэропортларини модернизация қилиш лойиҳасини биргаликда амалга ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди. Худди шундай тарзда тиббиёт ходимларининг тажриба алмашиши ва малакасини ошириш, фармацевтика маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш, икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари алоҳида ўрганилди. Тегишли раҳбарларга икки давлатнинг етакчи компаниялари вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Сингапур қўшма инвестиция компанияси, Миллий инвестиция жамғармаси, Ишбилармонлар кенгаши ва Тадбиркорлар уюшмасини ташкил этиш бўйича ишларни фаоллаштириш топширилди.
Йиғилиш якуни бўйича масъул раҳбарларга Ишчи гуруҳнинг барча режа ҳамда вазифаларини сифатли ва ўз вақтида бажариш, шунингдек, олий даражадаги ташрифнинг иқтисодий кун тартибини кенгайтириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Мавзуга оид
00:15
Покистонда Имрон Хоннинг 25 нафар тарафдорига ҳукм ўқилди
14:56 / 19.12.2024
Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари Покистон бозорига олиб кирилади
13:48 / 18.12.2024
Покистон супермаркетларида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотилади
15:54 / 12.12.2024